Uncategorized

UZIMEI тизими бепул бўладими ёхуд ўз қарорини 1 йилдан буён ижро қилолмаётган Парламент ҳақида

Бундан роппа-роса 1 йил аввал «Mening fikrim» порталида IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича петиция эълон қилинган эди. Мазкур петиция бор-йўғи 3 соат ичида керакли овоз (10 минг)ни тўплаганди. Бугунга келиб бу овозлар сони қарийб 25 мингга яқинлашди.

Жамоавий мурожаатнинг сўров қисмида аниқ ва тиниқ қилиб «IMEI кодлaрини рўйхaтгa олишда тўловларни бекор қилинишини сўрaймaн» деб ёзиб қўйилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган низом талабига кўра, Парламент ва Ҳукумат номига йўлланган мурожаат камида ўн мингта қўллаб-қувватловчи овозни олганда у белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ҳамда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қабул қилинган қарор модератор томонидан 60 кундан ошмаган муддат ичида «Mening fikrim» веб-порталига жойлаштирилиши лозим.

Аммо, орадан 365 кун ўтган бўлсада, мурожаат ҳамон “Кўриб чиқиш жараёнида” турибди.

Бу қандай Парламент бўлдики, айнан ўзи тасдиқлаган, юридик кучи бўйича қонунга тенг ҳужжатнинг ижросини таъминлай олмаса?!

Нега минглаб фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган, халқ учун эмас фақат маълум идораларнинг манфаатлари учунгина амал қилиб турган бу тартибни бекор қилиш чоралари кўрилмади?

Эртага тушунмовчилик бўлмаслиги учун аниқлаштираман: гап IMEI тизимини бутунлай бекор қилиш ҳақида кетмаяпти, чунки бу тизим орқали қора бозорга анча чек қўйилди (100% бўлмаса ҳам), расмий сотув кўпайди ва ўз-ўзидан давлат бюджетига жуда катта миқдорда солиқлар тушишни бошлади. Шу сабабли бу тизим қолиши тарафдориман, фақат рўйхатдан ўтказиш БЕПУЛ, мантиқий ва ортиқча бюрократиясиз бўлсин.

Энди Сизларга савол, ҳурматли СЕНАТОР ва ДЕПУТАТЛАР: чегарачи, божхоначи ва солиқчилар ўз ишини эплолмаётгани учун, яъни ноқонуний телефонлар кириб келишини олдини олишолмаётгани учун ўйлаб топилган UZIMEI тизими нега халққа пуллик бўлиши керак? Нега?! Ҳукумат ҳам бюджетга юз миллиардлаб солиқ туширсин, ҳам халқдан юз миллиардлаб тўлов (бу ҳам солиқ аслида) ундирсинми? Яхши бузоқ иккита сигирни эмади, деганими бу? Сизнингча, шу адолатданми?

Кўзбўямачилик учун очилган «Mening fikrim» порталининг нима кераги бор унда? Барибир Парламент у ердаги масалаларни ҳал қилишни эплолмаётган бўлса?

Хуллас, ўтган йили масъулларга қарата айтган гапларимни яна қайтараман:

«Агар Сизга жамоатчилик фикри қизиқ бўлса, унда тўловларни бекор қиласиз. Агар Сизга жамоатчилик фикри мутлақо қизиқ бўлмаса, унда билганингизни қилаверинг!»

👉 @xushnudbek 👈

LEAVE A RESPONSE

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan