Uncategorized

Ҳарбий тузилмалар хизматчилари от миниш маҳорати бўйича вилоят ҳокими соврини учун ўзаро беллашди

Термиз туманидаги Отчопар майдонида Сурхондарё вилояти ҳокими соврини учун ўтказилаётган “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” танловининг “От миниш маҳорати” йўналиши бўйича мусобақаси бўлиб ўтди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар ҳамда ҳарбий тузилмалар хизматчилари иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Чори Бегимқулов, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи қўшинлари қўмондони ўринбосари Қодир Турсунов сўзга чиқишиб, танловнинг ҳарбий хизматчилар маънавиятини, жанговор шайлигини ошириш ҳамда ҳудудга хос миллий қадриятлар билан яқиндан таништириб боришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритишди.

Ўтган йилги танловда фақат мудофаа вазирлигининг вилоятдаги ҳарбий қисм ва ҳарбий муассасалари хизматчилари иштирок этган бўлса, жорий йилда ДХХ чегара қўшинлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси вилоят бошқармаси ҳарбий хизматчилари, вилоят ички ишлар, божхона ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари ўртасида ҳам ўказилди.

Унда китобхонлик ва китоб мутолааси, бахшичилик ва достончилик, тасвирий санъат, чанқовузда куй ижро этиш, от миниш маҳорати йўналишлари бўйича танловнинг ҳарбий тузилмалар ва воҳа босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар вилоят ҳокими соврини учун ўзаро беллашди.

Танловнинг от миниш маҳорати йўналиши бўйича ҳарбий тузилмалар ва воҳа босқичида ғолиб бўлган иштирокчилар ўртасида  вилоят ҳокими соврини учун ўтказилган мусобақа қизиқарли ва муросасиз кечди.

Тадбир ҳақиқий байрам тусини олди. Санъаткорлар ва ҳарбий муассасалар хизматчилари ижросидаги ватанпарварлик, тинч, обод турмуш тараннум этилган куй-қўшиқлар, ҳарбийларнинг жанговор кўргазмали чиқишлари, ҳарбий техника қурол-аслаҳалар кўргазмаси, шунингдек, улоқ-кўпкари мусобақаси барчада катта таассурот қолдирди.

Сурхондарё вилояти ҳокими соврини учун ўтказилган “Амир Темур ўғлонлари” ва “Жалолиддин Мангуберди ворислари” танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими яқин кунларда бўлиб ўтади.

Манба Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan