ЖАМИЯТ ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО ИЛМ-ФАН ҚИЗИҚАРЛИ МУЛОҲАЗА СИЁСАТ ЎЗБЕКИСТОН

«Қачонгача бюджет маблағлари, халқ ризқи талон-торож қилинади?» – Танзила Норбоева Қумқўрғонда қулаб тушган кўприк ҳақида

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 6 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган Сенати кенгашининг сайёр мажлиси Қумқўрғонда 6,5 млрд сўмга қурилган, бироқ орадан кўп ўтмай қулаб тушган кўприк масаласига тўхталган. У мазкур ҳодисани бюджет маблағлари, халқ ризқини талон-торож қилиш деб атаган.

«Мамлакатимизда қурилиш соҳасини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш бўйича республика комиссиясини қарори бор. Тизимда-очиқлик, шаффофликни таъминлаш бўйича жиддий чоралар кўрила бошланди –мана энди қадам қўйяпмиз. Бу камчилик-хатолар энди кечирилмайди.

Бу каби муаммолар қурилиш сифатини тушиб кетишига ҳам олиб келмоқда. Мана яқинда ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Кўганли маҳалласида 2017 йилда 6.5 млрд сўмга қурилган кўприк, 2 йил ўтмасдан вайрон бўлганини ҳаммамиз билдик.

Шунингдек, аҳоли ўша ҳудуддудаги йўл қурилиши сифатидан ҳам норози. Бу лойиҳага ҳам 5.5 млрд сўм маблағ ажратилган экан. Бундай ҳолатларни яна кўплаб ҳудудларда кузатиш мумкин», дея Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат раиси мамлакат миқёсида қилинаётган қурилишларнинг назорати сустлиги, қурилаётган иншоотларнинг сифати бўйича аҳоли ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозлар баён этилаётгани, бироқ мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан уларга ўз вақтида муносабат билдирилмаётганини танқид қилган.

«Нима сабабдан қурилиш соҳасида кўплаб қонунбузилиш ҳолатлари содир бўлса ҳам уларни сабаблари, уларга яратилаётган “шароитлар” чуқур ўрганилмаяпти. Қачонгача бюджет маблағлари, халқ ризқи талон-торож қилинади?!

Фақат қуриб-қуриб кетавериш эмас, уни текшириш ҳам, назорат қилиш ҳам керак. Одамларда эътироз, саволлар кўп. Лекин тегишли идоралар томонидан муносабат билдирилиши мутлақо қониқарсиз аҳволда. Агар айбдор бўлса, “айдормиз, шуни яхши ишламаган эдик, тегишли чора кўрамиз” деган гапни айтиш ҳам мардлик. Қачон одамлар билан гаплашишни ўрганамиз. Фақатгина вазирлик ҳокимлик билан. Ҳокимлик вазирлик билан гаплашиш билан иш битади. Биз одамлар учун ишлаяпмизку, одамларни саволларига жавоб бериш учун ишляпмиз», дея таъкидлаган у.

Мажлисда масофадан туриб қатнашган қурилиш вазири ўринбосари Козим Тўлаганов Қумқўрғондаги кўприк сифатига вазирлик жавоб беролмаслигини, чунки у автойўл тизимидаги инспекция рўйхатидан ўтганини маълум қилди.

«Чиндан ҳам Тошкент вилояти бўйича қурилиш соҳасида жуда кўп қолоқликларга йўл қўйилган. Масалан, бу йилги қурилиш дастурига 180 та объект киритилган бўлса, бугунги кун ҳолатига бор йўғи 11 та объект қабул қилинган. Июнь ойи билан бугунни таққослайдиган бўлсак, мингга яқин объектга назорат чора-тадбири кўрилди.

Бу йил қурилиш соҳасида назорат бўйича ҳукуматнинг 3 та қарори чиқди. Тошкент вилоятида қурилиш тизими шу йилнинг охиригача шаффофлик тизимига тўлиқ ўтказилади. 1 январдан бошлаб қурилиш соҳасидаги назорат очиқ тизимга ўтказилади.

Қумқўрғондаги кўприк автойўл тизимидаги инспекция рўйхатидан ўтган экан, биздан ўтган эмас. Лекин албатта биз ҳам бу иш бўйича эътироз билдирамиз», деб айтган вазир ўринбосари.

Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги Кўганли маҳалласида 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушгани ҳақида хабар берган эдик. Аҳоли шу маҳалладаги янги йўл қурилиши ҳам худди шундай сифатсиз бажарилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолишидан хавотирда эканини билдирган эди.

Қулаб тушган кўприк масаласида Сурхондарё вилояти прокуратураси ҳам расмий муносабатини билдириб, айни пайтда Транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.

MANBA www.kun.uz

LEAVE A RESPONSE

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan