СПОРТ

“Женоа” ҳужумчилар “кушанда”сими? Элдор Шомуродовни Италияда нималар кутмоқда?

“Женоа” ҳужумчилар “кушанда”сими? Элдор Шомуродовни Италияда нималар кутмоқда?
Элдор Шомуродовнинг “Женоа”га ўтиши нафақат ўзбек, балки рус футбол жамоатчилигини ҳам яхшигина ларзага келтира олди. Боиси одатда бундай трансферлар қарама-қарши йўналишда амалга ошириларди. Яна бир алоҳида жиҳат шундаки, “Женоа” ўн йил ичида бирор футболчининг трансфери учун бунча маблағ сарфламаганди, фақатгина бир-икки миллионлик харидларни амалга ошириб келаётганди, холос. Соддагина (гарчи бу борада Элдорнинг олдига тушиб бўлмаса ҳам инсоний фазилатлар назарда тутилмаяпти) унчалик машҳур бўлмаган, осиёлик футболчи учун 8–9 миллион сарфланиши – бу жуда баланд кўтарилишдир. Клуб тарихида Шомуродовдан қимматроқ фақат бир хорижлик ҳужумчи бўлган – Диего Милито.

Элдор трансфери кўп сонли келишувлар оқимида йўқолиб қолмайди. Чунки нархнинг ўзи ҳам бунга йўл қўймайди. Газетта делло Спорт аллақачон Шомуродов билан Кшиштоф Пионтекнинг (футболчи “Женоа”дан “Милан”га йўл олганди) тақдири такрорлаши мумкинлиги ҳақида ёзди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, боз устига Элдорнинг нархи ҳам икки баравар қимматроқдир. Демак, қуйида Шомуродов Италияда яна нималарга дуч келиши мумкинлиги ҳақида фикр юритилади.

“Женоа” ҳимоявий ўйин кўрсатади, ҳужумчилар ўз дарвозасига қадар ҳимояланади. Элдор кўп ишлашига тўғри келади

“Женоа” устози Роландо Маран бурчак зарбаларида ҳимояланиш мавзуси бўйича мураббийлик дипломини ҳимоя қилган. Шуни ҳисобга олиб, ундан совуқ ва ҳимоявий ўйинни кутиш мантиқан тўғри бўлади.

Маран ўйинни блокламайди, балки уни шу даражада соддалаштирадики, қолган жиҳатлар ўзидан ўзи амалга ошиб кетаверади. У ўйинни ҳимоядан қуради, пастроқда ўйнайдиган пас берувчи таянч ярим ҳимоячиси эса бир зумда бўшлиқларни тўлдириб, жамоанинг позицион ҳужумга ўтишини таъминлайди. Унинг ушбу услуби барча клубларда сақланиб келган – “Катания”, “Кево”, “Каляри” ва ҳозирги “Женоа”да ҳам. Роландо A Серияда саккиз йилдан бери ишлайди, шу вақт ичида у олтита схемани амалда қўллаб кўрди ва ўта мослашувчан мутахассис эканини исботлади, бироқ услуб ҳар доим бир хил бўлиб қолаверган.

Очиғини айтганда, Мараннинг ҳужумчиларига ҳавас қилиб бўлмайди. Ҳужумчилар унинг схемасида асосий ролни ўйнайди. Улар майдонда ярим ҳимоячилардан кам югурмайди.

“Женоа” асосан, икки усул билан ҳимоядан чиқади. Aгар рақиб жуда кучли босим қилмаса, Маран қисқа паслар орқали тезкор қарши ҳужумларни маъқул кўради: бу ерда иккинчи ҳужумчи энг муҳим ролни ўйнайди – у чизиқлар орасида узатмани қабул қилиб, тўпни ушлаб туради ва ҳужумни ривожлантиради. Aгар мабодо ҳимоячилар босим уюштирадиган бўлса, генуяликлар узун пасларга ўтади. Бу ҳолатда асосий ҳужумчи иккинчи қаватдаги курашда ғолиб чиқиб, шерикларини тўп билан таъминлайди.

Тўпни ушлаб турган “Женоа” бўш ҳудудлар орқали ҳужум уюштиради. Aгар бу натижа бермайдиган бўлса ва рақиб ёпилиб олса, генуяликлар эҳтиёткорлик билан 3-1-4-1-1 кўринишида жойлашиб олади. Ҳал қилувчи паллада эса кам ўйинчилар иштирок этади. Кўп қаватли устма-уст жойлашиш Мараннинг “тўпни қанча юқорида олсак, дарвозага шунча кам хавф бўлади” деган асосий қоидасига мувофиқдир.

Тўп йўқотилганида эса генуяликлар 5-3-2 схемаси бўйича жойлашиб олади. Ҳимоянинг чуқурлиги эса рақибга боғлиқ. Топ жамоалар билан ўйинларда форвардлар тўлиқ ҳимоячига айланади: улар ўз майдонлари томонга тушиб, коридорларни ёпади, ҳатто дарвозадан 40 метр узоқликда тўп учун курашга қўшилади. Стандарт вазиятларда эса “Женоа” жарима майдончасига 10 нафар ўйинчининг барчаси келади. Кучсизроқ клублар билан эса жамоа яна-да агрессивроқ ўйин кўрсатади, прессингга эртароқ киришади ва у даражада кучли ёпилмайди

Италияда гранд жамоаларнинг кўп эмаслигини ҳисобга олиб, кўпгина учрашувларда Шомуродов айнан биринчи вариант бўла олади, боиси “Женоа” таркиб бўйича Италиянинг энг кучсиз жамоаларидан бири. Жамоа аъзоларининг аксарияти юқори чўққисидан ўтиб бўлган ва улар тез-тез жароҳат олиб туради, уларнинг ўрнини босадиганлар эса икки ёки уч баравар кучсизроқ. Ўтган мавсумда генуяликлар фақат сўнгги турга келибгина, базўр элитада жон сақлаб қолди. Жорий мавсумда эса жамоа ўз олдига хавфли зонани тарк этиш мақсади қўйилганини очиқчасига тан олди.

Умуман олганда, Мараннинг футболи юқори даражада эмас. Бу ерда ҳаммаси “қора меҳнат”га асосланган бўлиб, ишлашга ва тер тўкишга тўғри келади. Ҳужумчилар ўртасидаги роллар аниқ белгиланган. Бир ҳужумчи олдинга ҳаракатланаётганда, иккинчиси яшин тезлигида олға югуриши ва ҳимоячиларни ўзи билан олиб кетиши керак.

Шомуродов эса ҳар иккала ролни ҳам бажаришга қодир, лекин у биринчи навбатда “тўққизинчи” рақам сифатида фойдаланилади. У узун пасларга мўлжал олиши ва ҳужум ҳамда ҳимояда улкан масофани босиб ўтишга тайёр туриши керак бўлади. Самарадорлик эса кроссларга боғлиқ: “Женоа”нинг 81% ҳужумлари қанотлардан уюштирилади, бу эса A Сериядаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

“Женоа”да 8 нафар ҳужумчи бор, бироқ уларнинг аксарияти Элдор билан рақобат қила олмайди

Ҳозир “Женоа” рўйхатида 8 нафар ҳужумчи бор, аммо уларнинг орасида Элдор билан рақобатлаша оладигани кам: рўйхатнинг ярмини ижарага олинган ёш йигитчалар ташкил қилади. Aммо нима бўлганда ҳам икки ўрин учун беш футболчи курашади: Марко Пятса, Маттиа Дестро, Горан Пандев, Жанлука Скамакка ва Шомуродов. Элдор ушбу рўйхатда асосийдан муқим жой олиш учун энг муносибидек гўё.

Бунга қатор сабаблар бор: Пятса ва Дестро собиқ келажак юлдузлар (порламаган юлдузлар деган маънода), Скамакка эса футболга энди кириб келган, у ҳали 21 ёшда. Шуни ҳисобга олиб, унинг рўйхатда биринчи бўлиш эҳтимоли жуда кам. Горан эса 37 ёшда. Ушбу ҳолатда Шомуродовнинг ёши ва Италия футболига бегона экани мураббийларга ундан “чақилмаган ёнғоқ” сифатида фойдаланиш учун айни муддао бўлади. Шундай экан Роландо Маран жаноблари лойиҳани Шомуродов атрофида қуриш эҳтимоли жуда юқори.

Лойиҳа сўзи бу ерда шунчаки тасодиф эмас. Маран жамоага мураббий бўлиб тайинланганидан кейин шундай деганди: “Президент энди майдондаги ортиқча қийинчиликларни хоҳламаяпти. У мендан биринчи мавсумда элитада қолишни сўради, иккинчисида эса ўзимизга хос бўлган услубни яратиш ва юқорироқ кўтарилишни сўради. Менга ёрқин, кучли ва Генуя менталитетига эга жамоа керак”.

Дарҳақиқат, “Женоа” жон сақлаб олиш учун яхши имкониятга эга. Маран эса яхши мураббий эканини дастлабки турларда исботлаб бўлди.

Шу билан бирга Элдорнинг истиқболлари фақатгина стратегик устунлик билан чекланиб қолмайди. У Маранга аксарият рақобатчиларидан кўра кўпроқ мос келади. Боиси юқорида номлари зикр этилган ҳужумчиларнинг аксарияти жароҳатга мойил футболчилар бўлиб, уларнинг ҳеч бири ортда қолган мавсумларда самарадорлик билан умуман мақтана олмаган. Шуни ҳисобга олиб, Элдор мавсум давомида мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш учун ажойиб имкониятга эга бўлади.

Шунингдек, Шомуродов Мараннинг услуби ва севимли типажларига эга: у динамик, тезкор, баланд бўйли ва иккинчи қаватда анча мазмунли ўйнайди. Услубий жиҳатдан у “Женоа”га узукка кўз қўйгандек. Aлбатта, унда имконият бўлади, буёғига фақат A Серияга мослашиш қолди, холос

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan