Сурхондарё вилоятида ҳам абитуриентлар олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тест синовларини топширмоқда.
Вилоятда 2020/2021 ўқув йили учун олтита олий таълим муассасасига 110 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширган. Пандемия шароитида тест синовлари Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадиони, вилоят Давлат хавфсизлик хизмати “Сурхон” спорт мажмуаси ва Термиз ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатининг футбол майдонларида ўтказилмоқда.
Тест синовларини очиқ, ошкора ва холис ўтказиш учун тайёрланган очиқ майдонларда барча шароитлар яратилиб, карантин талаблари асосида ижтимоий масофага риоя этилган ҳолда жиҳозланди.
Вилоят Давлат хавфсизлик хизмати футбол майдонида бир сменада 1 минг 50 йигит-қиз тест синовларини топширмоқда. Абитуриентлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва рухсатнома билан дезинфекция йўлакчаларидан ўтиб, ҳарорати ўлчангач, имтиҳон ўтказиладиган майдонга киритилди. Уларнинг шахсини тасдиқлаб киритишда шахсни идентификациялаш воситаси – бармоқ изи сканеридан фойдаланилди. Бу ҳам тестнинг очиқлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жарқўрғон туманидаги Кунчиқиш маҳалласида яшайдиган Отабек Турдиев бу йил Термиз давлат университетининг кимё йўналиши бўйича ўқишга кириш учун иккинчи марта тест синовларида иштирок этмоқда.
– Ўтган йили талабалар сафига қабул қилинишим учун етарли балл тўплай олмадим, – дейди О.Турдиев. – Шунинг учун янада кўпроқ тайёргарлик кўрган ҳолда берилган имкониятдан фойдаланиб, бир йўла бешта олий таълим муассасасининг шу йўналишига ҳужжат топширдим. Шунингдек, тест топшириладиган вилоятни ҳам ўзим мустақил танладим. Кайфиятим зўр. Бу йил ўқишга кириб кетишга умидим катта. Барча саволларга шошмасдан жавоб топишга ҳаракат қилдим. Худо хоҳласа эртага тўплаган балларимни билиб оламан.
Бу йил вилоятда тест синовлари икки сменада ўтказилади. Ҳар бир сменада 4 минг 470 абитуриент ўз билимини синовдан ўтказади.