ЖАМИЯТ

ҚИЁСЛАШ ДАВРИНИНГ “УМРИ” УЗАЙДИМИ?

Турмушнинг майдагина муаммоси ҳам инсон умрини “ўғирлайди”…  “Яшаш учун кураш” деган ҳаётий ҳақиқат бор экан, вақт бизни ўзига бўйсундиради. Аммо, вақтдан унумли фойдаланиш, унинг қадрига етиш деган тушунчалар ҳам борки, буни биров тўғри англаса, яна кимдир кўп ҳам аҳамият беравермайди…

Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган давлат хизматлари агентлигининг бош мақсади эса инсонларнинг вақтини тежаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига хизмат қилиш..!

—Оддийгина, маҳалладан маълумотнома олиш учун ҳам икки-уч кунлаб мутасаддиларнинг изидан юрганмиз, -дейди Термиз туманида яшовчи Ш.Рахимов. —Бир сафар, электр тармоқлари корхонасига ишим тушди. Электр ҳисоблагичга тамға ўрнатиш масаласида. Ўн марталар қатнадим. Охири сабрим чидамай, уларга “айтадиганимни айтдим”…  Энди бўлса, бу иш давлат хизматлари марказидан осонгина битаяпти.

Мен бу инсон билан кўп суҳбатлашмадим… Янгиликдан гапирдим. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини, ушбу қарор билан 2019 йил 1 ноябрдан бошлаб,  электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарининг қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун  8 йил, юридик шахслар учун 4 йилни ташкил этиши ҳақида айтдим…

Шунда, суҳбатдошимнинг юзи ёришгандай бўлди. Олисдаги хотиралари эсига тушдими, кўкка бир боқди… Нафасини ростлади… Минг раҳмат, деди…

Салоҳиддин НОРҚОБИЛОВ