ЖАМИЯТ

300 ТА ХОТИРЖАМ КЎНГИЛ

—Мана бу жойлар қип-қизил қумлик бўлган, —дея яшилликка бурканган катта бир боғни кўрсатди  музработлик  шоир  Сафар Омонқулов. —Бир замонлар ота-боболаримиз Бойсун туманидан чўлни ўзлаштириш учун шу ерга кўчиб келишган. Ичишга сув, соялашга бирор дарахт ҳам  бўлмаган ҳатто. Ишонасизми, одамлар энди кўчиб келган дамларда қумларни шамол учириб, майдароқ уйларни кўмиб ташлашгача борган экан…

Сафар ака айтаётган гаплар тўғри..! Ўша дамларни кекса авлод вакиллари ўз кўзи билан кўрган, керак бўлса чўлни ўзлаштириш ишларига ҳисса ҳам қўшишган. Аммо, бугунги Музработни кўрган киши бу гапларга кўпам ишонмаслиги мумкин! Негаки, Музработ  тумани чўлдан аграр ҳудудга айланган бўлса, энди бу ерда ишлаб чиқариш ва саноат аграр соҳадан ҳам илдамлаб бораётир.

Биргина мисол: “Музработ-барака-чеварлари” масъулияти чекланган жамиятининг туман давлат хизматлари марказидан юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, иш бошлаганига кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо, қисқа давр ичида бу ишлаб чиқариш корхонаси музработлик хотин-қизларнинг иқтидорини юзага чиқарди, орзу интилишларига қанот бўлмоқда.

—Тикувчилик корхонамиз “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан ташкил этилган, —дейди корхона раҳбари С.Рустамов. —Иш икки сменада иш олиб борилади. Бу ерда аҳоли, таълим ва тиббиёт муассасалари,  ташкилотлар учун 30 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, Биз учун энг муҳими музработлик хотин-қизларининг бандлиги таъминлангани. Бир оиладек, аҳил ва ҳамжиҳатликда меҳнат қилаётган жамоамиз билан режалаштирган ишларимиз жуда кўп.

Дарҳақиқат,  юртимизда тадбиркорлик соҳасига кўрсатилаётган эътибор, берилаётган имтиёз ва қулайликлар туфайли аҳоли бандлиги таъминланмоқда, хонадонларимиз янада файзли, кўнгиллар обод бўлаётир.

Ушбу замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхонада
300 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Бу дегани уч юзта хонадоннинг қора қозони қайнаб турибди. Демак, уч юзта аёлнинг кўнгли хотиржам..!

Салоҳиддин Норқобилов