ЎЗБЕКИСТОН

Ҳудудларда мактабларни таъмирлаш ва жиҳозлаш ҳокимликлар томонидан амалга оширилади

Мамлакатимизда таълим тизимидаги ислоҳотлар аниқ режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқ таълими тизимида қайси ташкилот нимага жавобгарлигини белгилаб берган.

“Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг учинчи бандида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашиш, хусусан:

  • тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан ўқитувчилар ва ушбу соҳа ходимларининг мақомини яхшилашга ва оширишга ёрдам бериш;
  • халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;
  • нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бериш учун бўш ер участкалари (ҳар бир ҳудудда йилига 50 лотдан кам бўлмаган) рўйхатини тасдиқлаш ва улардан доимий фойдаланиш ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида реализация қилиш;
  • халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;
  • халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;
  • туманлар (шаҳарлар) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;
  • умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан ҳудудлар атрофини ўраш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимларини, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш чора-тадбирларини кўриш;
  • халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;
  • умумтаълим муассасаларини ривожлантириш учун инвестицияларни ва ҳомийлик ёрдамини жалб қилишга кўмаклашиш.
  • халқ таълими муассасаларидаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш учун шахсан жавоб беради.

Шу билан бирга, 2018 йилдан бошлаб, мактабларни жиҳозлаш маҳаллий ҳокимиятлар масъуллиги белгиланган.

«Обод қишлоқ” дастури доирасидаги мактабларни қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари деярли тўлиқ маҳаллий ҳокимиятлар маблағи ҳисобига амалга оширилмоқда. Йиллар давомида маҳаллий бюджетдан қўшимча пул ажратиш имкони бўлмаганига таъмирланмаган мактаблар таъмирланиб, қўшимча бинолар қурилмоқда. Албатта, қаердадир бу жараёнда вақтидан кечроқ ишга тушириш ҳолати бўлиши мумкин. Буни муаммога айлантириш ўрнига, ўша мактабларга ёрдам бериш чоралари кўрилиши керак.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати