Исломободда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш масалалари муҳокама этилди

Исломободда Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг махсус ёрдамчиси, саноат ва ишлаб чиқариш вазири Хорун Ахтар Хон билан учрашди.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва истиқболларини муҳокама қилдилар. Икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш ва бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ҳамкорликни фаоллаштириш, хусусан, маданий-тарихий диққатга сазовор жойлар ва зиёрат туризмини қамраб олган сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш борасида ўзаро манфаатдорлик билдирдилар. Шунингдек, покистонлик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, икки мамлакатнинг тегишли идора ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, виза тартибини соддалаштириш ва транспорт логистикасини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Учрашув якунида томонлар мазкур масалаларни ҳал этиш юзасидан доимий мулоқотни изчил давом эттириш ҳамда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича қўшма кампания ўтказишга келишиб олдилар.