
Вашингтон ва Эрон ўртасидаги музокараларнинг иккинчи раунди 19 апрель куни Уммонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Аббос Арақчи Эрон давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди.
«Буларнинг барчаси бир хил даражада, шунингдек, Уммонда бўлиб ўтади, аммо у бироз бошқача жойда ўтказилиши мумкин», деди у.
12 апрель куни Уммон пойтахти Маскатда Эрон ва АҚШ делегациялари ўртасида билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув олдидан Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ўз мамлакатининг адолатли ва шарафли келишувга эришиш ниятида эканлигини айтиб, Вашингтоннинг худди шундай муносабати музокаралар боришини белгилаб берувчи дастлабки келишувга эришиш имкониятларини оширишини айтди.
Эрон делегациясига Арақчи, Америка делегациясига эса АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф бошчилик қилди.
Учрашув якунида Арақчи ва Виткофф бир ҳафта ичида музокараларни давом эттиришга келишиб олди. Эрон ташқи ишлар вазирлиги учрашув конструктив руҳда ўтганини қайд этди. Музокаралар 2,5 соатдан ортиқ давом этди.