Ўзбекистон миллий каштачилик санъати Токио шаҳрида ўтказилган тадбирда тақдим этилди
Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Токиода «Ўзбекистоннинг миллий каштачилик санъати ва сўзана билан танишиш учун саёҳат» мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Япониядаги «Ўзбекистон маданияти ва туризм ассоциацияси», «RTravel Co.Ltd» сайёҳлик компанияси ва «Kinuya» бренди томонидан ташкил қилинди.
Иштирокчиларга ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси обидалари рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги тарихий обидалар ва масканлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби тарихий шаҳарларнинг туризм салоҳияти, япон сайёҳлари учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган ўзбек урф-одатлари, таомлар ва туризм маршрутлари таъкидланди. Иштирокчилар Ўзбекистонга саёҳат қилишга фаол тарғиб қилинди.
Шунингдек, ўзбек халқ амалий санъати маҳсулотлари, ушбу йўналишни ривожлантириш ва танитиш мақсадида ташкил этилаётган халқаро фестиваллар ҳамда тадбирлар хусусида ҳам маълумот берилди.
Тадбир давомида Японияда ўзбек миллий ҳунармандчилик, кулолчилик, каштачилик маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи «Kinuya» бренди асосчиси Рие Такашима томонидан тақдимот ўтказилди.
Рие Такашима ўзбек миллий каштачилик санъати тарихи, услублари ва йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Қадимий Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон азалдан турли маданиятларни ўз ичига олган каштачилик санъати билан алоҳида ажралиб туриши таъкидланди.
Сўзана тўқиш санъати бўйича бир неча асрлик тарихга эга Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё мактабларининг ўзига хослиги эътироф этилди. Тадбир давомида «Ўзбекистон маданияти ва туризм ассоциацияси» томонидан «RTravel Co.Ltd» компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Ўзбекистоннинг миллий каштачилик санъати ва сўзанаси билан танишиш саёҳати» турпакети бўйича иштирокчиларга айтиб ўтилди.
Янги туризм контенти сифатида ишлаб чиқилган ушбу турпакет шу август ойида япон сайёҳларидан ташкил топган гуруҳнинг Ўзбекистонга ташрифини амалга оширишни кўзда тутади. 7 кундан иборат ташриф дастуридан мамлакатимизнинг Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида сўзана тўқиш билан шуғулланадиган каштадўзлар билан учрашувлар, сўзана тўқиш жараёнларини жонли кузатиш ва мастер класслар ўрин олган.
Тадбир доирасида ташкил қилинган ўзбек миллий сўзаналари кўргазмаси Япония томонига катта таассурот қолдирди.