
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 96-моддасига кўра, “Ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт” деб белгиланган.
Афсуски, эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишмоқда. Буни натижасида фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.
Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг тегишли суд буйруғига асосан қарздор Эшбўри Хакимовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фойдасидан Қизлархон Хошимованинг фойдасига вояга етмаган уч нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун барча иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/2 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Тарафлар вояга етмаган фарзадларининг таъминоти ҳақида ўзаро келишувга эриша олмаган.
Шу тариқа, Эшбўри Хакимов 2020 йил 1 апрелдан 2023 йил 28 ноябрга қадар 41.104.671 сўм алимент пулларини тўлашдан бош тортиб келганлиги учун унга жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474‑моддаси 1-қисми билан унга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланади.
Шунга қарамасдан, Эшбўри маъмурий қамоқ жазосини тўлиқ ўтаб чиққанлигидан ўзига тўғри хулоса чиқармайди ва 2023 йил 1 декабрдан 2024 йил 1 июлга қадар яна жами 16.943.662 сўм алимент пулларини тўлашни унитиб қўяди.
Бу гал суд унга ўз фарзандларига бефарқ бўлганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122–моддаси 1-қисми билан 1 (бир) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаб, жазони манзил-колонияларида ўташини белгилаб берди.
Оталик мажбуриятидан қочиб қутилиб бўлмайди, суд ҳукми билан тўланмаган 58.048.333 (эллик саккиз миллион қирқ саккиз минг уч юз ўттиз уч минг) сўм алимент пулларини ҳам ундириш белгиланди.
Хулоса шуки, ота-оналикнинг ҳам қонунда кўрсатилган ўз мажбуриятлари мавжуд бўлиб, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,Сурхондарё вилоят суди судьяси