ЖАМИЯТ

ОТМ битирувчисининг ишга қабул қилиниши нега рад этилди?

Узун туман “Ёшлик” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Жнинг туманнинг 4-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабга ишга киришда муаммога дуч келаётганлигини маълум қилиб йўллаган ёзма мурожаати Узун туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганишда аниқланишича, фуқаро А.Ж 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини инглиз тили адабиёти ўқитувчиси мутахассислиги бўйича ўқишни тамомлаган. Жорий йилнинг 18 август куни туманнинг 4-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактабига мутахассислиги бўйича инглиз тилидан дарс бериш мақсадида ишга кириш учун талаб этиладиган керакли ҳужжатларни топширганлиги, бироқ мактабнинг иш юритувчиси Г.А томонидан меҳнат қонунчилигига зид равишда туман мудофаа ишлари бўлимидан шахсий варақа (Т-2 шакл) тўлдириб келишини, акс ҳолда ишга қабул қилмаслигини маълум қилиб ортиқча ҳужжат талаб қилганлиги, мазкур ҳолатлар эса фуқаронинг сарсонгарчилигига сабаб бўлганлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 78-моддасида ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишга йўл қўйилмаслиги, мазкур кодекснинг 80-моддасида ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатида эса шахсий варақа Т-2 шаклни тўлдириш назарда тутилмаган.

Шунингдек, фуқаро А.Жни Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома ҳамда Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 14 июнда 746-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатьий назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидалари”нинг тегишли бандалрига зид равишда ишга киришни рад қилганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги норматив ҳуқуқий ҳужжатларга асосан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 4-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб директори номига тақдимнома киритилди.

Тақдимнома ижроси юзасидан фуқаро А.Ж олий маълумотли битирувчи эканлиги ва ишчанлик салоҳиятини инобатга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жорий йилнинг 27 август куни ишга қабул қилинди ҳамда қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйган Г.Ага нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan