ЖАМИЯТ

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Алпомиш” кураш мажмуаси биносининг томи қулаб тушгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан расмий муносабат билдирди

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги “Алпомиш” кураш мажмуаси биносининг томи қулаб тушгани ҳақида тарқалган хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Термиз шаҳри Навбаҳор кўчаси, 1-уйда жойлашган “Алпомиш” кураш мажмуаси 1999 йилда қурилган бўлиб, кейинги йилларда бир неча марта реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

2022 йилнинг февраль ойида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги топшириғига кўра, бинонинг том ёпмаси вилоят қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ўрганилган ҳамда “Кисловодск” типидаги фазовий металл конструкцияли ушбу том ёпмасининг техник ҳолати қониқарсиз экани, капитал таъмирлаш ишларини бажариш лозимлиги тўғрисида хулоса берилган.

Инспекция хулосаси инобатга олинган ҳолда умумий майдони 2800 метр-квадрат бўлган кураш зали том қисмини “Кисловодск” типидаги фазовий металл конструкцияларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва қуришга ихтисослашган ташкилотларни жалб қилган ҳолда капитал таъмирлаш ишларини бажариш тўғрисида кўрсатма берилган.

Шунга мувофиқ, том қисмда йиғма темирбетон кўп бўшлиқли ёпма плиталардан бажарилган ишлар бутунлай яроқсиз ҳолатга келгани, таъмирлаш фойдасизлиги, шунингдек, мураккаб конструктив ечимли, катта ҳажмли (тахминан 1700 метр-квадрат) томни алоҳида-алоҳида бузиб олишнинг имкони йўқлиги сабабли уни қулатиш ва замонавий услубда тубдан янгилашга киришилган.

Якка кураш спорт турларига ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбарияти бу ҳақда аввалдан огоҳлантирилгани, капитал таъмирлаш якунига етгунга қадар фойдаланувчилар бошқа жойда машғулотлар ўтаётгани сабабли қулатиш жараёнида ҳеч ким зарар кўрмаган.

Айни пайтда бешикаст қулатилган мураккаб металл конструкцияни қурувчилар жойида бузиб олмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Матбуот хизмати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan