ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда коррупция жиноятлари ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилади

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахслар рағбатлантирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳасида қайд этилган.

Ҳужжатда алоҳида қайд этилишича, рағбатлантириш қонунийлик, адолатлилик, холислик, ошкоралик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва хоҳиш-истакларини ҳисобга олиш принциплари асосида амалга оширилади.

Таъкидланишича, қарор билан тасдиқланадиган Низом талаблари қуйидаги шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди:

мансабдор шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларга махфийлик асосида кўмаклашувчи шахслар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ коррупцияга оид жиноятлар ҳақида ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилган ёки коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни бевосита содир этган шахслар.

Рағбатлантириш бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида белгиланади.

Унга кўра, қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ўзларига нисбатан пора талаб қилган шахс ҳақида ёки ўзларига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга берган хабари асосида бундай ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчиси ўзига нисбатан пора беришни таклиф этган ёки пора талаб қилган шахс ҳақида ёхуд ўзига маълум бўлган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида коррупцияга қарши курашувчи органларга (коррупцияга қарши курашувчи органларнинг ходимлари эса бевосита ўз раҳбарига) берган хабари асосида ҳуқуқбузарлик фош этилиши;

коррупцияга оид жиноятни содир этганлиги учун қидирувда бўлган шахс тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга берган хабар асосида қидирувдаги шахс ушланиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

Қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантирилади:

а) коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун ‒ базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари;

б) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар;

унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар;

оғир жиноят учун ‒ ўн баравар;

ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар;

в) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар;

унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар;

оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар;

ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар;

г) пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

анча миқдор учун ‒ ўн беш фоизи;

кўп ёки жуда кўп миқдор учун ‒ ўн фоизи.

Бунда, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қийматини фоизларда ҳисоблашда қонунчиликда белгиланган миқдорнинг энг кам миқдоридан келиб чиқилади.

д) қидирувда бўлган шахснинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, икки нафар қидирувда бўлган шахсларнинг яширинган жойи ҳақида хабар берганлиги учун эса ‒ етти баравари миқдорида.

Коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берганлик ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлик учун ташаккурнома ёки эсдалик совға шаклида рағбатлантириш тарзида тақдирланади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари бундан мустасно.

Бир марталик пул мукофоти тегишли молиявий ҳужжатларга ўзгартириш киритилгандан сўнг ўн иш куни мобайнида шахсларнинг шахсий ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Манба: ЎзА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan