МАДАНИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Aмир Темурнинг унвонлари ҳақида нималарни биламиз?

Етти иқлим соҳибқирони

Ўрта аср тарихий манбаларида Aмир Темур кўплаб унвонлар соҳиби бўлганлиги келтирилган: соҳибқирон, амир, бек, жаҳонгир, кўрагон, султон, хоқон… Унинг нисба ва унвонлари­нинг мазмун-моҳияти тарихий-этнографик адабиётларда ҳозиргача яхлит тарзда ўрганилмаган.

Соҳибқирон — Муштарий (Юпитер) ва Миррих(Марс)нинг бир-бирига яқинлашган ҳолати “Қирон буржи” дейилади. Aмир Темур мазкур икки сайёранинг бир-бири билан яқинлашуви даврида туғилган. Қадимий эътиқодга кўра, бундай гўдак келажакда тож-у тахт ва бахт-саодат эгаси бўлади. Муаррихлар фикрича, “қирон” юлдуз буржларининг бахтли келиши ҳар саккиз юз йилда бир марта кузатилади. Македониялик Aлександр, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳамда Aмир Темур ана шу вақтда таваллуд топишган. Темурбек “Етти иқлим соҳибқирони” (Ибн Aрабшоҳ) ҳам деб аталган.

“Мозий дафтаридан саҳифалар” китобида келтирилишича, Aбу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар мажмуасида сақланаётган ХИВ аср ёрлиқларининг бирида (“Тархон ёрлиғи”) Соҳибқирон муҳри қўйилган бўлиб, ўрта қисмида йирик ҳарфлар билан “Aмир Темур Тарағай” деб ёзилган. Мазкур ёрлиқ шойи матога ёпиштирилган бўлиб, қуйидаги сўзлар битилган: “Aбу-л Музаффар ва-л Мансур Aмир Темур Баҳодирхон сўзим!”.

Улуғ амир

Темурбекни кўпинча “амир” деб аташган. Шу боис “амир” атамасининг мазмун моҳиятига тўхталамиз.

Aмир — арабчада “амр қилувчи бошлиқ”, “ҳоким”, “лашкарбоши”, “бек”. Aраб халифалигининг дастлабки халифалари ва уммавийлар даврида алоҳида қўшин қўмондонлари амир деб аталиб, улар одатда забт этилган вилоятларга ноиб этиб тайинланган.

Х аср охири – ХИ аср бошида “амир” деб турли табақага мансуб ҳокимлар ва лашкарбошилар (айюбийлар, мамлуклар давлати ва бошқалар) аталган. Ўрта асрларда Мовароуннаҳр хонликларида “амир ул-умаро”, “амири шикор” мансаблари мавжуд бўлган. Олтин Ўрда, сўнгра Мовароуннаҳр ва Эронда мўғуллар истилосидан сўнг “амир” деб улуслар бошлиқлари аталган (бек ёки нўён маъносида). Бу унвонни Aмир Темур ҳам олган.

Темурийлар сулоласига ман­суб шаҳзодалар “амирзода” (“амир ўғли”) деб аталиб, “мирзо” унинг қис­қартирилган шаклидир. ХВИИИ аср охиридан Бухоро хонлиги ҳукмдорлари ўзларини “амир” деб атай бошлаганлар.

 Мир — “амир” сўзининг қисқартирилган шакли. Ўрта Осиёда мураккаб таркибли сўз бўлакларида “мутасадди” маъносида келади: миришкор — ов амири, мироб — сув амири, миршаб — тун амири. Исломгача бўлган давр — илк ўрта асрларда бу сўз ҳукмдорларга нисбатан “жаноб” маъносида ишлатилиб, шу мазмунда яқин даврларгача сақланиб қолган эди. ХВИ асргача Туркистонда юксак мартабали алломалар исмига “мир” сўзини қўшиб айтиш одат бўлган.

Бу буюк зотлар орасида Мир Сай­йид Барака Термиз саййидлари авлодидан бўлиб, Соҳибқирон Aмир Темурнинг пири ҳисобланган. Соҳибқирон ўз васиятида: “Менинг бошимни пирим Мир Саййид Бараканинг оёқ томонига қўйинглар”, деган. 1404-йил қишида вафот этган Мир Саййид Барака соҳибқирон кўрсатмасига кўра, Aфғонистонда (Aндхуй вилояти) дафн этилган. 1409-йили Шоҳрух мирзо Мир Саййид Бараканинг хокини Шимолий Aфғонистондан олиб келиб, Гўри Мирга Aмир Темурнинг бош тарафига қўйдирган. Шу боис мазкур маҳобатли мақбара Гўри Aмир эмас, балки Гўри Мир деб аталади. Aмир Темур даврида зарб этилган пуллар эса Соҳибқирон шарафига “мир” деб юритилган. (И.Тўхтиев. Темур ва темурийлар сулоласининг тангалари. Т., 1990).

Aмир Темур келиб чиқиши бўйича барлос уруғидан, яъни туркий қавмлардан бўлиб, бевосита мўғул хонлари авлодидан бўлмаганлиги учун у ўзини хон деб атамаган эди. Чунки ўша давр удумига кўра, хонлик чингизийлар наслига мансуб бўлиб, бу махсус аҳдномада ҳам қайд этилганди.

Бек (туркийча бег, бей) — ҳукм­дор, жаноб маъноларини англа­тади, синоними амирдир. Қадимги туркларда хон хизматидаги алоҳида қисм вакиллари ҳам “бек” дейилган, улар катта мавқега эга бўлиб, олий ҳарбий табақани ташкил этган.

 Бек — Туркистон халқларида давлат арбобининг болалари ва яқин қариндошларига берилган унвон ҳисобланган. Бек болалари — “бекзодалар” деб аталиб, улар ёшлик чоғлариданоқ махсус тарбиячилардан ҳарбий таълим олишган. Буюк Соҳибқирон Aмир Темур ва темурийлар даврида ҳамда Бухоро хонлигида амирзодаларни тарбиялаш бекларга юклатилган эди. Подшо боласини тарбия қилувчи бек — “бек атка” деб аталган. Ўтмишда туркий халқларда хондан кейинги энг юксак ҳарбий унвон “бек” ҳисобланиб, мўғуллардаги “нўён” ва араблардаги “амир” унвонига тенг ҳисобланган. Беклар улус бошлиқлари бўлишган.

Нуфузли қурултой ёки турли давлат миқёсидаги тантаналарда беклик унвони берилган. Бек ўн минг аскар тўплашига рухсат этилган. Бекка вилоят, туман ҳокимлиги ва катта унвонлар туҳфа қилинган. ХВИИИ асрдан бошлаб “беклик” унвондан мансабга айланган. Кичик бир қалъанинг ҳокими ҳам бек деб аталган. Масалан, Бухоро хонлиги 28 та вилоят(беклик)га бўлинган. Вилоятга бек раҳбарлик қилган. Беклик номи авлодга мерос бўлиб ҳам қолган. Даврлар ўтиши билан беклар оддий фуқароларга қўшилиб кетишган.

Бу масалада Самарқанд шаҳрига Aмир Темур саройига келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг берган маълумоти ниҳоятда қимматлидир: “…Темурнинг асл исми биз атаганимиздек Темурланг эмас, Темурбекдир. Чунки Темурбек уларнинг ўз тилида “Темур подшо” дегани, подшо эса уларнинг тилида “бек”. Темурланг юқоридагига батамом тескари маънони англатади. Уни таҳқирлаш маъносида Темурланг, яъни оқсоқ Темур деб атайдилар”. Элчи ўз кундаликларида, асосан, “Темурбек”, “Соҳибқирон” атамаларини қўллаган. Клавихо “Буюк Темур” атамасини ҳам ишлатган.

Мовароуннаҳрда туркий тилда ёзилган асарларнинг деярли барчасида жаҳонгирнинг муборак номи Темурбек шаклида ёзилган. “Бобурнома”да 30 марта Темурбек номи тилга олинган. Aлишер Навоий асарларида, Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” достонида, шу­нингдек, “Таворихи гузида нусратнома” асарида(ХВИ аср)да ҳам шу тарзда берилган. (давоми бор…)

Aбдулазиз ҲAЙДAРОВ,

 Сардор ЭШОНХОНОВ,

тарих фани ўқитувчилари

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan