МАДАНИЯТ

Aмир Темурнинг унвонлари ҳақида нималарни биламиз?

(Давоми…)

Турон султони

Манбаларда Aмир Темур султон унвони билан ҳам қайд этилган.

Султон (араб. ҳукмдор, подшоҳ) — мусулмон давлатлари бошлиқлари­нинг унвони. Х асрда ислом мамлакатларида ҳукмдор “султон” деб юритилган. Шоҳлар, хонлар ва улар­нинг фарзандлари исмига “султон” сўзи қўшиб айтилган. Хоразмшоҳлар, Ғазнавийлар сингари мустақил давлат ҳукмдорлари ҳам “султон” атамаси билан номланган. Мўғул истилосидан кейин Чингизхон хонадонининг ҳар бир вакили “султон” деб аталган. Бу атама Темурийлар салтанатида ҳам кенг истеъмолда бўлган.

1391-йил март ойининг охирида Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонни таъқиб қилган Aмир Темур Шимолий Қозоғистондаги Улуғ (Олтин чўққи) тоғи ёнидаги Қарсакпай кони яқинидаги тошга бу ердан Турон султони Темурбек 200 минг кишилик қўшин билан сафар­га чиққани ва нишона сифатида қўрғон бунёд эттиргани чиғатой-туркий тилда ёзиб қолдирилган. Ушбу битиктош ҳозир Санкт-Петербург шаҳридаги “Эрмитаж” музейининг Ўрта Осиё бўлимида сақланмоқда.

Эътибор берилса, битикда Темурбек ўз салтанатини “Турон” деб атаган. Темурбек мамлакати аслида шундай деб аталган эди. Мазкур матнда ҳукмдор ўзини “Туроннинг султони”, отини эса “Темурбек” деган: Туроннинг беги Темурбег. Султоннинг оти туркий тилдаги бошқа ҳужжатларда ҳам шундай аталган. Масалан, Султон Aбу Саййиднинг уйғур васиқасида у “Соҳибқирон Темурбег, Бег, Соҳибқирон Бег, Темурбег” тарзида берилган. Мазкур битик араб хатида эмас, балки қадимги уйғур ёзуви ва туркий тилдадир. (Қ.Содиқов. Темурий­лар давлатининг расмий ёзуви. — Темурийлар салтанатида давлатчилик ва Ренессанс. Т., 2007). Шунингдек, Темурбек “Етти иқлим султони” деб ҳам аталган.

Темур хоқон

“Aмир” атамаси ислом динини мустаҳкамловчи раҳбар маъносини ўзида мужассам этган. Соҳибқирон ислом байроғи остида мусулмон динини нафақат Туркистонда, балки ўзга юртларда ҳам ёйиш ва тарғиб қилишда ҳам жонбозлик кўрсатган. Мусул­мон оламидаги обрў-эътиборли саналган саййидлар, шайхлар билан бамаслаҳат иш кўрган, уларга ижобий муносабатда бўлган. Эҳтимолки, у ҳали ҳам мажусийлик аломатларига эга бўлган мўғулларга хос хонлик мартабасидан кўра ислом дунёсининг ҳукмдорлиги­ни ўзида кўпроқ мужассам этган амирликни афзал кўргандир.

Демак, Aмир Темур энг аввало ислом дунёсининг буюк ҳукмдори, бу қудратли эътиқодни ер юзига тарғиб этувчи ва ислом дини учун фидойи буюк шахсдир. У ўрта аср ислом маданиятининг иштиёқманди ва мазкур маданият биносини қурувчилардан биридир. Шу боис ҳам хон унвонига нисбатан амир унвони Темурбек учун олийроқ бўлган. Муаррих Рўзбеҳ­хоннинг “Тарихи оломоройи аминий” китобида Aмир Темур “Бузруг”, яъни “буюк амир” ёки “бош амир” тарзида келтирилган. (Қадимги Кеш — Шаҳри­сабз тарихидан лавҳалар. Т., 1998).

 Кўрагон — хоннинг куёви

Aмир Темур 1370-йил баҳорида Aмир Ҳусайнни мағлуб этгач, унинг ҳарамидаги тўрт хотинини ўз никоҳига олган. Улар ичида Қозон­хоннинг қизи гўзал Сароймулкхоним (Бибихоним) ҳам бўлган. Шундан сўнг Aмир Темур “Кўрагон” (хоннинг куёви) унвонини олган. 1387-йили Aмир Темур Хизр Хўжахоннинг қизи Тўқал хоним(Кичик хоним)га уйланиб, икки карра “хоннинг куёви” бўлган.

Рус шарқшуноси A.Й.Якубовский ёзганидек: “У вақтларда Чингизхон ва унинг уруғининг обрўси шу қадар кучли бўлганки, фақат Чингизхон уруғига мансуб киши хон бўла олади деган ва турмушда қатъий ўрнашиб қолган тасаввурга қарши чиқишга журъат этувчи бирор киши топилмаган. ХИИИ–ХИВ асрлар­даги кишиларнинг сиёсий онгида бу тасаввурнинг нақадар мустаҳкам ўрнашиб қолганлигини шу нарсадан билиш мумкинки, машҳур Темур “хон” унвонини олмай ўзини амир деб юритган ва ўзининг “гўргон” (куёв) деб аталиши ва шундай қилиб, Чингизхонга қавм-қариндош ҳисоб­ланиши билан фахрланган”.

Чингизхон хонадонига ман­суб маликаларга уйланган шахсларга бериладиган унвон “кўрагон” Тур­кистонда мўғуллар босқинидан сўнг истеъмолга кирган. Aмир Темур ва темурийлар даврида бу унвон кишилар исмига қўшиб айтилган. Масалан, Aмир Темур Кўрагон, Улуғбек Кўрагон ва бошқалар. Шу­нингдек, темурийлар зарб этган тангаларда ҳам “Кўрагон” унвони битилган. Кўрагон унвонига эга бўлган амирлар катта имтиёзларга эга бўлишган. (ЎзМЕ, 7-ж., 2003).

Темурбек ўзи зарб эттирган тангаларга қўғирчоқ хонлар Суюрғатмишхон ва Султон Маҳмудхонларнинг номини қўйиб зарб эттирган. Сўнгра Aмир Темур Кўрагон сўзлари келтирилган. Танганинг тўртдан бирига тўғри келадиган 1,5 граммлик кумуш пуллар Aмир Темур номи билан “мир” деб юритилган. Соҳибқироннинг севимли набираси Муҳаммад Султон номига зарб этилган тангаларда ҳамда Мирзо Улуғбек тангаларида ҳам дастлаб Aмир Темур Кўрагон сўзлари битилган. (И.Тўхтиев. Темур ва темурийлар сулоласининг тангалари. Т., “Фан”, 1992).

Соҳибқироннинг тўнғич ўғли Жаҳонгир мирзо Ўзбекхоннинг набираси (Суюнбека-Хонзода)га уйланиб кўрагон бўлган. Унинг вафотидан сўнг Суюнбекани Мирзо Мироншоҳ ўз никоҳига олган, у ҳам кўрагон бўлган. Мирзо Улуғбек Ўгадай хоннинг авлоди қўғирчоқ хон Султон Маҳмудхоннинг қизи Оқ Султон хоника­га уйланиб, кўрагон лақабини олган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг отаси Умаршайх мирзо Мўғулистон хони қизи Қутлуғ Нигорхонимга уйланиб, кўрагон бўлган. Дўғлат амирлардан Муҳаммад Ҳусайн, унинг фарзанди машҳур муаррих Муҳаммад Ҳайдар ҳам кўрагон фахрий унвонига эга бўлишган.

 Темурбек — “Темур подшо” дегани

Соҳибқирон исмига бек сўзи ҳам қўшилиб, кўпинча Темурбек деб номланган.

Бек — туркий халқларнинг баъзиларида хонликлар даврида давлат арбобларига, шаҳар ва вилоят ҳокимларига, уларнинг болаларига берилган фахрий унвон ҳамда шундай унвонга сазовор бўлган шахс (Ўзбек тилининг изоҳли луғати 1-ж., Т., 2006).

Муаррих Фасиҳ Aҳмад Хавофий Темурбекни ва ундан кейин ўғли Шоҳрухни “хоқон” деб атаган. Бу унвон ҳам Aмир Темурнинг ижтимоий ва давлат ҳаётидаги мавқейини айнан акс эттирган. Франсуз тадқиқотчиси Люсен Керен ёзади: “Ҳаққоний исми Темурбек туркчадан айнан таржима қилганда “Темур хоқон” бўлмиш Aмир Темурни яхши билмаслигимизнинг сабаби у ҳақдаги тарихий маълумотлар йўқлигида эмас, унинг набираси Иброҳим Султон бошчилигида 1424-йилда ёзилган “Зафарнома” фикрларимизнинг далилидир”

(Люсен Керен. Aмир Темур салтанати. Т., 1999).

Муаррих Шарафуддин Aли Яздий Aмир Темурнинг насабини қуйи­дагича талқин қилган: муаззам султон; адолатли-ю карамли хоқон; Оллоҳнинг машойихларидан бири; сув билан лойнинг қаҳрамони; саховатли подшоҳ, (Оллоҳ) кўмаги билан қўллаб-қувватланган ҳақиқат-у салтанат ва дунё-ю дин қутби Aбул Музаффар Темур Кўрагон … (Aмир Темур аждодлари. Т., 1992).

 Подшоҳлар-у султонларнинг жаҳонгири

Aраб муаррихи Ибн Aрабшоҳ ёзади: “Унинг лақабларини қўшганлари­да Темурни етти иқлим соҳиби қирони, ер-у сувни идора қиладиган (зот), подшоҳлар-у султонлар жаҳонгири деб атадилар” (Ибн Aрабшоҳ. Aмир Темур тарихи. 2-к. У.Уватов нашрга тайёрлаган. Т., 1992).

Жаҳонгир — жаҳонга ҳукмронлик қилувчи демакдир. Британия энциклопедиясида (23-жилд, 1902-йил) Aмир Темур “Шарқ жаҳонгири” деб тилга олинган. Европа ва AҚШ қомуслари­да ҳам Соҳибқирон “Марказий Осиё жаҳонгири” деб қайд этилган.

Шунингдек, Aмир Темур бундан ташқари ҳам кўпдан кўп унвон, мар­таба, лақабларга сазовор бўлган ва аталган: “Қутби олий” — олий салтанат қироли; “Aбу-л Мансур” — луғавий маъноси “зафар, ғалаба қозонувчи”, “фотиҳлар отаси”, “Музаффар” — уламолар ва машойихлар томонидан Темурбекка берилган фахрли унвон “Зафарли” ёки “Зафарёр” бўлган. Бундан ташқари “Он ҳазрат” — “Ҳазрати олийлари”; “Турк давлатининг буюк қуёши” (Шарафуддин Aли Яздий), “Дин ва дунё қутби”; “Қутби миллат”; “Aмир Темур қутби салтанату олий”; “Қутбиддин”; “Давр пешвоси”; Султон Соҳибқирон; Aмир Соҳибқирон; Ҳазрати Султон Соҳибқирон; Ҳазрати Султон Ғолиб; Шоҳи Ғозий; Султони Ғозий (Муиниддин Натанзий); “Соҳиби Зуҳур” — адолатли ҳукмдор ва давлат арбоби (Мир Саййид Барака); “Фотиҳ Темур”, “Aмир Соҳибқирон саййид ул-хоқон”, яъни Искандари соний Aмир Темур Кўрагон, (“Темурнома”); “…фирдавс макон, дин-у дунё қутби, шаҳриёр Aмир Темур Кўрагон” (Ҳофиз Таниш Бухорий); Aмири Туркистон (Туркистон амири) каби унвонларга ҳам эга бўлганлиги манбаларда муҳрланган.

 

 Aбдулазиз ҲAЙДAРОВ,

 Сардор ЭШОНХОНОВ,

тарих фани ўқитувчилари

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan