“Европа Иттифоқи ва Ўзбекистоннинг савдо айланмаси 11 фоизга ўсди” — Шарлотта Адриан
Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида сўнгги йилларда савдо кўрсаткичлари жадал суръатлар билан ўсди. 2023 йилда Европа Иттифоқидан экспорт 16 фоизга ошиб, 4,35 миллиард еврога етди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан EUROUZ билан ҳамкорликда бўлиб ўтган тадбирда маълум қилди.

“Ўзбекистон хорижий инвесторларга ёш, билимли аҳоли ва бой табиий ресурслардан тортиб жадал ўсиб бораётган бозоргача тақдим эта оладиган улкан салоҳиятга эгалигини биласиз. Европа Иттифоқи—Ўзбекистон ҳамкорлигининг 30 йиллигини нишонлар эканмиз, сўнгги йилларда савдо кўрсаткичларимиз жадал суръатлар билан ўсиб бораётганини кўриб, мамнунман. Қисқача мисол: 2022 йилда Европа Иттифоқи экспорти 3,77 миллиард еврога (ўсиш 63,9 фоиз), 2022 йилда Европа Иттифоқи импорти эса 845 миллион еврога (ўсиш 77,1 фоиз) етди. 2023 йилда умумий савдо айланмамиз яна 11 фоизга ўсди”, — дейди элчи.
Таъкидланишича, 2023 йилда Европа Иттифоқи экспорти 16 фоизга ўсиб, 4,35 миллиард еврога етган, импорт эса 8 фоизга қисқариб, 780 миллион еврони ташкил қилган.
Ўзбекистон бошлаган улкан ислоҳотлар йўлини қўллаб-қувватлаймиз. Ўзбекистонга ўз ихтиёримизда бўлган барча воситалардан фойдаланган ҳолда ёрдам кўрсатишда давом этамиз, улардан бири GSP+, Ўзбекистоннинг ЖСТ ёки EPCА’га аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашдир. Ҳамкорлигимиздан асосий мақсад Ўзбекистоннинг умумий иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишдир. Ислоҳотлар Европа компаниялари учун тенг шарт-шароитлар ҳам яратади, бу эса кўпроқ Европа компанияларининг Ўзбекистонга эътибор қаратишига сабаб бўлади, — дейди элчи.

Шарлотта Адриан Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Евросиё қитъасининг ўртасида жойлашган географияси ва денгизга чиқиш имконияти йўқлигидан яхши хабардорлигини айтди. Элчи мамлакатлар, бозорлар ва одамлар ўртасида янада мустаҳкам, яшил ва барқарор коммуникацияга сармоя киритиш учун Global Gateway ишга туширилганини таъкидлади.