МУЛОҲАЗА

Кўпчиликни домига тортаётган «кўзни очиб ухлаш» ўйини

Кичиклигимизда бир ўйин ўйнардик: кўзни очиб ухлаш. Туш пайтида ухлатиш учун катталар томонидан бир хонага қамалган болалар, кўзимиз ҳадеганда илинавермагач, шу ўйинни ўйнаб, зерикишдан қутилардик. Ҳаммасини кўриб турардиг-у, худди ухлаётгандек, жим, кўрмаганга олардик ўзимизни.

Бу гаплар нима учун, дерсиз. Бугун атрофимдаги жараёнларни, одамларни, уларнинг турмуш тарзини – ҳаёт равишини кузатар эканман, ўша «кўзни очиб ухлаш» ўйини бехосдан, бот-бот хаёлимга келаверади. У ўйин кичкиналигимда қанчалик завқ берган бўлса, энди ҳис қилганимда, шунчалик ғамга ботиради.

Ахборот сайтлари турк актёри Бурак Ўзчивитнинг Тошкентда 2,5 соат давомида Ўзбекистондаги нуфузли ва таъсир кучига эга шахсларнинг рафиқалари, тадбиркор аёллар ва модел қизлар билан кечки зиёфат устида учрашгани ҳамда бунинг эвазига катта ҳақ олгани ҳақида ёзди.

Ҳар қандай «янгилик»ни тарқатишда ижтимоий тармоқлар хаёл тезлигига эга. Видеони кўриб, курсдош йигитларимиз ёнида қанчалик уялган бўлсам, Темурийлар тарихи давлат музейи биносининг устун, деворларидан ҳам суякларимгача умаланиб хижолат тортдим. Сиғинилишга арзийдиган зот бўлиб кўринаётган актёр ортидан қизларнинг жазавага тушиб югураётганини кўриб, донг қотдим. Актёр кўнглидан нималар ўтди экан?! У, ахир, музейга бекорга келмагандир, Амир Темур ва Бибихоним авлодлари, дегим келди.

Эркак кишининг бахти рафиқасининг яхши ёки ёмон хислатлари билан белгиланган азалдан. Юрт тараққиёти, фаровонлигининг муҳим ўзаги жамиятдаги аёллар эканлигини ҳам тарих исботлаб келади: ҳар бир буюк, комил шахс ортида беназир умр йўлдош – аёл туради.

Бой аёлларнинг «Камол»бойни чойга таклиф қилиши (рост бўлса!) «Гладиаторлар жанги»ни ёдимга туширди. Бу ҳам, у ҳам кўнгилхушлик, завқ учун…

Бу воқеа (2019 йил февраль ойи)га кўп бўлмай, машҳурларимиз мум ҳайкаллар музейида Султон Сулаймон ҳайкали олдида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “нағма”лар қилишди. Бир гала бўлиб (ўзларини ким деб тасаввур қилишди экан?!) ҳайкал талашгани эса миллат сўзини англайдиган анча-мунча кишининг юрагини “ўйнатди”. Буни ҳазил тариқасида фаҳмлаб, кулиш мумкиндир. Бироқ, бу ҳазиллар зили бор: ўзбек аёлининг иффати, ғурури, ўзлиги… поймол бўлмаяптими? Халқ эътирофидаги санъаткорлар элимизга шу қилғилиқларини сесканмай, уялмай, беистиҳола кўз-кўз қилиши қайларга етиб келганимизни яққол кўрсатмаяптими?!

Миллатнинг келажагини ким ёки нима белгилайди?! Қайси томондан йўл бошламанг, мулоҳазанинг илдизи аёлларга, қизларга бориб туташаверади.

Қишлоғимизда бўлиб ўтган бир воқеадан қолган гапни одамлар ўрни келганда қўллаб туради. Сув бизнинг гўшага охирги қулоқдан келади. Шу сабаб, «сув талашиш» асносидаги жанжаллар кўп бўларди. Навбати келганида бошланғич синф ўқувчиси бўлган ака-ука ариққа банд бойлаб, томорқасига сув буради. Барзанги қўшниси навбатини кутмай сувни ўзининг томорқасига ҳайдайди. Қаршилик қилган болани эса озроқ туртади… Кечқурун укаси онасига:

– Акамни фалончи ака урди, – дейди ўпкаси тўлиб. Онаси:

– Акангни урган бўлса, сен индамай қараб турдингми?! – деб сўрайди.

– Йўқ, йиғлаб қараб турдим…

Қишлоқ аҳли бу иборани кинояларида ўрнига қўйиб, бир-бирига нисбатан қўллаб келади. Юқорида келтириб ўтганим ўша видеоларни, суратларни кўриб, таъбир жоиз бўлса, мен ҳам шунчаки қараб турмадим, балки йиғлаб қараб турдим. Қўлимдан бошқа нима ҳам келарди!

Миллатнинг ор-номуси, ғурури, урф-одати, қадриятлари – менталитетига зид хатти-ҳаракатни содир этган (бу жиноят, ахир!) фуқароларни жавобгарликка тортадиган қонун ишлаб чиқилса, айни муддао бўлар эди, деган ўй оғушида юрибман шу кунларда.

Наргиза ОДИНАЕВА

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan