МУЛОҲАЗА

Илм тарқатиш

Ислом дини илм ўрганишни ва уни бошқаларга ўргатишни тарғиб қилади.

«Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қай­тиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба, 122)

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биздан бир нарсани эшитиб, уни эшитганидек (одамларга) етказган кишининг юзини Аллоҳ яшнатсин. Қабул қилувчилардан шундайлари бор, улар етказган кишидан кўра яхшироқ англайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Банда учун энг хайрли ва ўлимидан сўнг ҳам ажр-савоби етиб турадиган амал бошқаларга илм ўргатишдир. Зеро, Аллоҳ таоло илм сабабли илм толибини азиз-мукаррам қилди. Инсонларга илм бериш жамиятга яхшилик қилишдир. Бу яхшиликлар ичида энг улуғидир. Чунки бу иши билан инсон жамият ривожига ҳис­са қўшади. Келажак авлодни илмли, маърифатли, зиёли қилиш йўлидаги ҳар бир ҳаракати учун Аллоҳ таоло қиёматда улуғ ажр-мукофотлар беради.Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда вафот этиши билан унинг амали узилади. Фақат уч нарса бундан мустасно: садақаи жория, фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанд”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Энг афзал садақа мусулмон кишининг илм ўрганиб, сўнг уни мусулмон биродарига ўргатишидир” (Ибн Можа ривояти).

Инсон инсон бўлур бор бўлса дини,

Ислом азиз қилди Салмон Форсийни.

Тақво қил, ишонма ҳаргиз насабга,

Насаби не берди Абу Лаҳабга?!

Қўлингдан келганча яхшилик қилгин,

Бўлмаса ўзингни ёмондан тийгин.

Охиратда азиз бўлмоқ истасанг,

Дунё ҳаётингда яхшилик қилгин.

Банда қилган амалига муносиб мукофотланади. Яъни, бировнинг оғирини енгил қилган бўлса, унинг ҳам оғири енгил қилинади. Кимнингдир ғам-ташвишини аритган бўлса, унинг ҳам ғам-ташвиши аритилади. Бировнинг айбини беркитса, унинг ҳам айби беркитилади ва ҳоказо. Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси бир мўмин оч биродарига таом едирса, Аллоҳ таоло унга қиёмат куни жаннат меваларидан едиради. Қайси бир мўмин чанқаган биродарига сув ичирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга Раҳиқул махтумдан ичиради. Қайси бир мўмин яланғоч биродарини кийинтирса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг кўм-кўк либосла­ридан кийдиради”, дедилар» (Имом Термизий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларига раҳм қилур!” деганлар (Муттафақун алайҳ).

Ҳамиша ўзгалар ғамини еб, уларга қўлидан келганича ёрдам бериб, халқи, Ватани, жамияти ривожига хизмат қилувчи ишлар билан машғул бўлиб юрадиган саховатли зотларнинг оқибати хайрли бўлади. Улар имон ва Исломда туриб омонатларини топширади. Қиёмат куни Аллоҳ таоло фақат мусулмон бандасини ўз раҳматига олади. Кофирлар учун у кунда ҳеч қандай енгиллик, ёрдам ёки ғам-ташвишнинг ариши йўқдир!

Исломга душманлиги бўлмаган кишиларнинг ҳам оғирини енгил қилиш мумкин. Яхшилик барча-барча учун матлубдир. Яъни, ҳар қандай жонзотга яхшилик қилиш лозим. Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло ҳар бир нарсага яхши­ликни ёзиб қўйди”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошқа ҳадиси ша­рифларида: “Ҳар бир қуримаган жигарда (яъни, ҳар бир жон­га қи­линган яхшиликда) ажр бор”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар» (Оли Имрон, 134).

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan