ЖАМИЯТ

Хайробод гарнизонида муддатли ҳарбий хизматчиларга ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши ўтказилди

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Сурхондарё вилоятининг Денов тумани Хайробод гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда армияга янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг хизмат давомида ҳарбий техника ва қурол-яроғдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлишлари учун ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар намойиши ўтказилди.

Бугун миллий армиямиз ёшларни ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, уларнинг фаол ҳаётий позициясини, мамлакат келажаги учун масъулият ва дахлдорлик ҳиссини оширишда ҳақиқий ҳаёт мактабига айланди.

Қуролли Кучларимиз замонавий ҳарбий техника ва қурол-яроғлар билан бутланмоқда. Ҳар бир ҳарбий хизматчи профессионал бўлиб шаклланиши учун ҳарбий ва кенг ҳаётий билимларни ўзлаштириши, хизмат жараёнида ўзига бириктирилган жанговар техника ва қурол-яроғлардан моҳирона фойдаланиш сирларини эгаллаши ҳамда уларни асраб-авайлаши зарур.

– Бугунги ўтказилган намойиш бизни жуда мамнун қилди, чунки шарафли соҳада қўлланадиган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар ҳақида кўпгина қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Ўз касбининг устаси бўлган мутахассис офицерлар ва сержантлар ҳарбий қурол-яроғлар ҳақида бизга маълумотлар улашди. Ватанга тантанали  қасамёд қилишимизга саноқли кунлар қолган бир вақтда ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар билан танишарканмиз, мен ўз олдимга хизматим давомида соҳага оид билимларни чуқур ўрганиб, жанговар шайликдан юқори натижаларга эришишга хиссамни қўшишни мақсад қилиб қўйдим, – дейди Қашқадарё вилоятидан чақирилган Соҳиббек Халилов.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan