ЖАМИЯТ

Ҳибсга олинган блогерга қўйилаётган айблов очиқланди. Бироқ саволлар етарли…

Андижонда блогер Жўрабек Қимизов ҳисбга олинганига оид хабарлар тарқалганди. Пахтаобод туман ички ишлар ходимлари томонидан ҳибсга олинган 38 ёшли пахтаободлик йигит (таксичилик билан тирикчилик қилади) фирибгарликда айбланмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилди.

Унга кўра, Ж.Қимизов уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни жами 30 миллион сўмга «чув туширганлик»да айбланмоқда.  Улар ўртасидаги «олди-бердилар» 2018 йилда бўлгани айтилади.

Таъкидлаш жоиз, «блогер иши»га оид маълумот қатор саволлар туғдирмоқда.

Биринчидан, «чув тушгани» айтилаётган фуқаролар икки йилдан бери жим юриб, уччаласи турли манзилда истиқомат қилса-да (икки нафари Андижон шаҳрида истиқомат қилади, биттаси Пахтаободда руйхатда турса-да, Россияда ишлайди),  деярли бир вақтнинг ўзида  ички ишлар органларига мурожаат қилгани кўнгилда иштибоҳ туғдирмай қолмайди.

Иккинчидан, тақдим этилган маълумотларга қараганда жиноят иши ўтган йилнинг 5 ноябрида Пахтаобод туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қўзғатилган. Орадан бир ярим ой ўтиб — 18 декабрь куни Ж.Қимизов ҳимоячи иштрокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинади ва ўша куни «дастлабки тергов ва суддан қочиб яшириниши мумкинлигини инобатга олиб», унинг мамлакатдан чиқишига тақиқ қўйилади. Шундан сўнг: «…Ж. Қимизов бир неча маротаба дастлабки терговга чақирилишига қармасдан келмаганлиги, 10.01.2020 йилда Россия Федерациясига чиқиб кетгани» сабабли «унга нисбатан 12.01.2020 йилда ЖКнинг 168-моддаси  3-қисми «б» банди билан сиртдан айб эълон қилингани» таъкидланади.

Шу ўринда катта савол туғилади: 2019 йилнинг 18 декабрь куни мамлакатдан чиқишига тақиқ қўйилган гумондор 2020 йил 10 янаварь куни (орадан йигирма икки кун ўтиб!) мамлакатдан қандай чиқиб кетиши мумкин? Агар у «айланма йўллар орқали» чиқиб кетган дейилса, унга тиркалган қилмиш орасида чегарани ноқонуний бузганлик айблови йўқ!

Бир-бирига зид бундай ҳолатлар Ж. Қимизовга нисбатан сунъий қидирув эълон қилиш учун керак бўлгандай, шубҳа уйғотмай қолмайди. Зеро, қидирувдаги шахсни қамоққа олишда ортиқча даҳмаза йўқ: қўлга тушгани ҳамоно тиқиб қўйилади. Қолаверса, блогерни биров қидириб риёзат чекмаган кўринади. У ИИБга чақитирилган, ўз оёғини билан остона хатлаши билан «ичкари»га олиб кириб кетилган…

Жўрабек Қимизов шу йилнинг 27 февралидан бери ҳибсда сақланмоқда.

Манбаларда у маҳаллий ҳокимият мансабдорлари фаолиятини жиддий танқид қилиши билан тилга тушгани айтилади.

Эслатиб ўтамиз, бу Андижон вилоятида блогерлар билан содир бўлаётган ягона ҳолат эмас.