ЖАМИЯТ

Қўшни давлатлардан ўқишни кўчириш бўйича қўшимча маълумотлар

Давлат қабул комиссиясининг 2020 йил 28 февралдаги 13-сон баёнига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

– Қўшни давлатлардаги ОТМлардан республика ОТМларига ўқиши кўчирилиши рухсат берилган талабалар сони тақсимоти ОТМлар кесимида тасдиқланди;

– Қўшни давлатларнинг ОТМларида камида бир семестр мобайнида ўқишини давом эттирмасдан, бошқа давлатларнинг (хусусан, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар) ОТМларидан ўқишини ўқув йилининг ярмида кўчириб ўтган талабаларнинг ўқиши кўчирилмайди;

Бу нима дегани?

Қўшни давлатлардан ўқишни имтиҳонсиз кўчириш мумкинлиги ҳақида хабар чиққач, Россия ёки Украинада ўқиётган талабалар уддабуронлик билан ўз ўқишини қўшни давлатга (асосан Қозоғистон) кўчириб ўтишган эди. Аммо улар Қозоғистонда ҳатто 1 семестр ҳам ўқишгани йўқ. Ана шундай талабалар ўқишини Ўзбекистонга кўчира олишмайди.

– Қўшни давлатларнинг ОТМларида масофавий таълим шакли бўйича ва онлайн тарзда таҳсил олаётган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат берилмайди;

– Қўшни давлатлардаги ОТМлардан республика ОТМларига ўқишини кўчириш фақатгина жорий йилда Давлат қабул комиссияси томонидан белгиланган муддатларда амалга оширилиши қатъиян белгилаб қўйилди.

Бу нима дегани?

Кўпчилик жорий йилдаги каби ўзига хос “амнистия” ҳар йили бўлади, деб ўйлашмоқда ва шу сабабли ёзда қўшни давлатларга олдингидан 10 баробар кўп ёшлар ўқишга кетишни режа қилиб туришибди. Уёққа имтиҳтонсиз ўқишга кирамиз, кейин қишда ўқишини имтиҳонсиз кўчирамиз, деб ўйлашаётганди. Ўшанчун ҳам қарорда аниқ белгиландики, бундай акция фақат жорий йилда бўлади, кейинги йилларда умумий тартибда имтиҳон асосида ўқишни кўчириш мумкин бўлади.

– Қўшни давлатлардаги ОТМлардан ўқишни кўчириш натижалари уч кун муддатда тегишли ОТМларга етказилади. Олинган маълумотларга кўра, жами 36 минг 400 нафардан кўпроқ талабаларга ўқишини 80 та ОТМга кўчиришга рухсат берилди.

Хушнудбек Худойбердиев