ЖАМИЯТ

Шерободлик фуқаро Ж.Аминқулов 12 йилдан сўнг озодликка чиқди. У нега қамалганди?

Маълумки, кейинги бир неча ўн йилликлардан бери дунё бўйлаб динни ниқоб қилиш “мода” бўлиб қолди. Ниқоб йиртиб кўрилса, тагида молпарастлик, давлатпарастлик ва қонхўрлик бўй кўрсатади. Айнан мана шу омилларнинг эса нафақат Ислом дини, балки бошқа динлар билан ҳам мутлақо алоқаси йўқ. Зеро, динларнинг туб моҳияти, пойдевори ҳалоллик ва эзгуликка қурилган.

Шерободлик Жасур Аминқулов шундай ҳалоллик ва покликни билиб-билмасдан ёт ғоя билан алмаштириб қўйган йигитлардан эди. Динни чуқур англамай туриб, дин ниқоби остидаги ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган 24 ёшли бўз йигит тушуниши даргумон эди. Чунки унинг диний билими ҳам, сиёсий билими ҳам йўқ эди. 2008 йилда шундай ножўя ҳаракатларни амалга ошириш пайтида ушланган бу йигитнинг тақдирига эса «қора чизиқ» тортилди.

Бундан ўн икки йил муқаддам жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилган Ж.Аминқулов бугун тонгни ўз оиласи даврасида қарши олди.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига биноан эса Жасур Аминқулов ҳам озодликка чиқди.

— Ушланган пайтларим ўзимни қандайдир мақсадни амалга оширган қаҳрамондек ҳис этганман, — дейди биз билан суҳбатда Ж.Аминқулов. – Аммо қилмишимнинг нақадар сохта ва кераксизлигини ҳеч қанча ўтмай англаб етдим. Суд жараёнларида ота-онам кўзидан тўкилган аччиқ ёшлар олдида ўзимни бир пулга ҳам арзимаслигимни англадим. Аммо энди кеч ва жазо олишим муқаррар эди. Умумий ҳисобда 12 йилга ҳукм этилиб, 12 йил зонада бўлдим. Панжаралар ортида нафақат йигитлик умрим, балки ота-онамнинг мен билан боғлиқ умиди орзу-ҳаваси, соғинчи қурбон бўлди. Шу йиллар ичида гўёки улар мен билан бирга зонада “ўтирди”, назаримда.

Дарҳақиқат… Чунки Жасур оилада суюкли ўғил эди. Унинг ота-онаси шу йиллар ичида қанчалик ҳаракат қилмасин, ҳеч бир натижага эриша олмади. Гарчи унинг қўли қонга ботмаган, хатосидан тўғри хулоса чиқарган бўлса ҳам.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг афв этишга оид фармонларида эса Жасур каби адашган, қилмишидан пушаймон бўлган шахслар кўпчиликни ташкил этмоқда.

Эътиборлиси, бундай бағрикенглик учун бу сафар муҳим саналар ҳам кутиб ўтирилмади. Фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 58 нафар фуқаро афв этилди.

Афвнинг яна бир аҳамияти эса афв этилган шахсларнинг оиласидаги бахтиёрлик, бағри бутунликда бўй кўрсатмоқда. Дийдорга тўлаётган уйдаги қувонч кўз ёшлари, масрурлик эса маҳаллага, маҳалладан мамлакатга таралувчи кучдир. Бу кучнинг яна бир номи – ҳаётдан розиликдир.

Шеробод тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати