Вазирлар Маҳкамасининг 2017-йил 2-мартдаги қарорига мувофиқ амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш тартиби ҳақида ОАВда кўплаб кўрсатув ва эшиттиришлар берилди, мақолалар чоп этилди, хабарлар эълон қилинди.
2020-йил 31-декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини, берилган санасидан ва амал қилиш муддатидан қатъий назар, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштириш шарт. 2021-йил 1-январдан бошлаб эски намунадаги гувоҳномалар ҳақиқий эмас, деб топилади.
Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи (ҳозирда 156 минг 100 сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Илк бор ҳайдовчилик гувоҳномасини олаётганлар имтиҳон топшириш учун 44 минг 600 сўм ва имтиҳондан ўтгач гувоҳнома олишга 156 минг 100 сўм миқдорида пул тўлайди.
Вазирлар Маҳкамасининг юқорида эслатиб ўтилган қарорига асосан ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Шу муддат ўтгач уни алмаштириб олиш талаб этилади.
Янги нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига шахсни тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган. Мамлакатимиз ичида сафарга чиқилганда бу гувоҳнома билан аэропорт ва вокзалларда билет олиш, меҳмонхоналарга жойлашиш мумкин.