ЖАМИЯТ

ОИЛА РИШТАЛАРИГА ПУТУР ЕТКАЗМАНГ

Оила мавзуси ҳар доим нозик ва долзалб бўлиб келмоқда. Ҳар қандай низоларнинг олдини олиш ва тўғри томонга бошқариш учун бир қатор қонунлар ишлаб чиқилаётган бир вақтда, афсуски, фуқароларимизнинг тинч тотув ҳаёт тарзини кечириш ўрнига, ўзи оилани пароканда қилгани етмагандай фарзандларини ҳам буюм каби ўзаро талашишади.

Бугунги даврда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинаётган қонунлар ҳар бир аҳолига етарлича етказилгандай.

Фалон қўшнингизнинг уйи нотинчлигини эшитсангиз ёқа ушлайсиз киши. Ҳеч ким ўзингизнинг оилангизда ёки бошқа таниш-билишингизникида ҳам жанжал бўлмаслигига кафолат беролмайди. Шу каби ноҳушликлар бўлмаслиги учун аждодларимизнинг ҳаётидан сайқалланиб келган, маҳаллий урф-одатларга асосланган ва алббатта адолатга урғу берилган қонун-қоидаларни билишимиз, қолаверса ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириб боришимиз ва керак бўлса қўшнига етказиб билишимиз керак.

Оила никоҳдан бошланади. Никоҳ расмий, қонун асосида ўтказилгандагина ҳақиқий ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг биринчи моддасида никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилиши лозимлиги кўрсатилган. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий ахамиятга эга эмас. Никоҳланувчилар ФҲДЁ бўлимларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Лекин минг афсуски улар ушбу тартиб қоидаларни била туриб никоҳни расмийлаштирмай туриб оила қуришади, фарзандли бўлишади. Низо чиққанда эса нима қиларини билмай, камига фарзанд талашишга ўтишади. Бу борада узоққа бормасангиз ҳам бўлади.

Ўзлари ўзаро келишолмаганларидан кейин эса судга турна қатор аризалар билан мурожаат қилишади. Шу каби низолардан бири суд томонидан кўриб чиқилди.

Даъвогар Моҳира ва жавобгар Рашид билан 2020 йил 13 августда шаърий никоҳ асосида турмуш қуришган (исмлар ўзгартирилган, ҳар қандай мос келиши эҳтимолий). Тарафларнинг қонуний никоҳлари расмийлаштирилмаган. Уларнинг биргаликдаги турмушларидан бир нафар 2021 йилда туғилган бир нафар фарзанди бор.

Улар ўзаро келиша олишмаганлиги сабабли ҳозирги кунда бирга яшамайди. Бир нафар фарзанди жавобгар Рашиднинг тарбиясида тарбияланиб келмоқда.

Туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 64-сонли хулосасига кўра Моҳиранинг оилавий аҳволи ўрганилганлиги, у отасининг хонадонида яшаб келаётганлигини, оилада фарзандни тарбиялашга етарли шароит борлигини, бола тарбиясига монеълик қиладиган ҳолатлар мавжуд эмаслиги ҳақида қайд этилган.

Шунингдек, туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 206-сонли хулосасига кўра, Рашиднинг оилавий аҳволи ўрганилганлиги, оилада фарзандни тарбиялашга етарли шароит борлигини, бола тарбиясига монеълик қиладиган ҳолатлар мавжуд эмаслиги ҳақида қайд этилган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 73-моддасига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт.  Ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгардир. Улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт. Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга. Ота-она болаларининг қонун ҳужжатларида белгиланган зарур даражада таълим олишини таъминлаши шарт.

Даъвогарнинг суддаги тушунтиришига кўра фарзанди 7 ойлик пайтидан буён жавобгар фарзандини бермасдан келаётганлигини билдирган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддасига асосан ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.

Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан ҳоли бўлиши керак.

Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.

Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

Юқорида қайд этилганларга кўра суд, тарафларнинг бир нафар фарзанди учун онанинг тарбияси муҳим эканлигини, боланинг эндигина бир ёшдан ошганлигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантиришни, фарзандни жавобгардан онаси яъни даъвогар Моҳиранинг тарбиясига олиб беришни лозим деб топган.

Айни вақтда суд, болаларидан алоҳида яшаётган бошқа қариндошларига, болалар билан кўришиб туриш хусусида низо келиб чиқса, болалар билан кўришиб туриш тартибини белгилаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлигини ҳам тушунтирган.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 138-моддаси 1-қисмида, ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб беради.

Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 141-моддаси 1-қисмига кўра, ишни кўриш билан боғлиқ бўлган ва даъвогар тўлашдан озод қилинган суд чиқимлари ҳамда давлат божи жавобгардан арз қилинган талабларнинг қаноатлантирилган қисмига мутаносиб равишда давлат даромадига ундирилади.

Камига дастлаб даъвогар тўланган суд харажатлари учун тўланган пул маблағини жавобгар Рашиддан даъвогар Моҳиранинг фойдасига суд харажати сифатида ундиришни лозим топган.

Ҳал қилув қароридан норози жавобгар юқори турувчи инстанция судига шикоят ҳам қилган, аммо адолатли деб ҳисобланган қарор ўз кучида қолган. Демак, бир қарашдан адолат қарор топди. Танганинг иккинчи томони эса, бутун бир бошли оила пароканда бўлди.

Мухтасар қилиб айтганда, оиланинг нақадар муқаддас ришталигини ҳар биримиз ёдда тутишимиз даркор. Нега ота-оналаримизу бобо-бувиларимизнинг никоҳи мустаҳкам бўлган, чунки улар нафақат шаън, ор-номус нималигини билишган, балки ҳамжиҳатлик нақадар буюк неъматлигини, уни асраб авайлаш лозимлигини чуқур маънода тушунишган ва ёдларидан чиқаришмаган.

Нилуфар Тўраева, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan