ЖАМИЯТ

Коррупция-жамият тараққиёти кушандаси

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тараққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.

Мажбурий ижро бюросининг Шахсий хавфсизликни таъминлаш шўъбаси ходимлари иштирокида Бюронинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида “Коррупция-жамият тараққиёти кушандаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан тасдиқланган прокуратура органлари ходимларининг Ахлоқ кодексидаги асосий тушунчалар, ходимларга белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳақида атрофлича тушунчалар бериб ўтилди.

Хусусан, прокуратура органлари ходимлари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, раҳбарлик ёки таъсисчилик қилишга, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда иштирок этишга ҳақли эмасликлари алоҳида таъкидланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, фуқароларимизнинг фаоллиги кузатилмаса, коррупция ҳуқуқбузарликлари, тамагирлик каби ҳолатлар ҳақида тегишли давлат идораларини огоҳлантирмаса, хабар бермаса ушбу иллатдан бутунлай қутулишнинг иложи йўқ. Коррупцияга қўл уриш натижасида айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир.

Ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг содир этилишида, уларнинг кўпайишида ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда бу тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Даврон Равшанов,

Бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси катта инспектори.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan