ЖАМИЯТ

Ер участкаларини сотиш тартиби осонлаштирилди

Ўзбекистонда ер участкаларини электрон аукционлар орқали сотиш ва кадастр хизматларини кўрсатиш тартиби соддалаштирилди.

Qurilish

Ўзбекистонда ер участкаларини сотиш ва кадастр хизматлари тартиби янгича қоидалар асосида амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрда қабул қилинган қарорига кўра, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадларида ажратиладиган ерлар устидан назорат кучайтирилади, ижара ҳуқуқи билан олинган ерларни бирлаштириш имконияти яратилади. Шунингдек, саноат ва ёшлар тадбиркорлик зоналарида инвестиция муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қарорга асосан, олис ва чўл ҳудудларда ташкил этиладиган ЁТЗ (ёшлар тадбиркорлик зоналари) ларда бўш ерлар 2025 йил 5 сентябрдан 1 сўм нархида аукционга чиқарилади. Бу жараён «Yerelektron» тизими орқали амалга оширилади. Саноат зоналари дирекциялари эса буюртмачи сифатида белгиланди.

Кўп қаватли турар жойлар қуриш учун ер олган тадбиркорлар лойиҳаолди ҳужжатларни 15 кунда тайёрлаши, икки ойда лойиҳа ишларини якунлаши ва уч ойда қурилишни бошлаши шарт. Талаблар бажарилмаса, ер белгиланган тартибда қайтариб олинади ва қайта савдога чиқарилади.

Шу билан бирга, барча қурилиш жараёнлари «Онлайн маҳалла» платформасида мониторинг қилиниши йўлга қўйилади. Қарор кадастр хизматларини Агентликнинг веб-сайти орқали кўрсатиш ва зарур ҳужжатлар рўйхатини қонунчиликка мувофиқлаштиришни ҳам назарда тутади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинди ва 4 сентябрдан кучга кирди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan