Ўзбекистонда абонентлар розилигисиз пуллик SMS ва онлайн хизматларга автоматик уланиш амалиёти яқин орада расман тақиқланиши кутилмоқда — янги қоидалар тайёрланди.

Ўзбекистонда телекоммуникация хизматларини кўрсатиш тартибини янгилаш бўйича янги ҳужжат ишлаб чиқилмоқда. Янги қоидалар абонентларнинг розилигисиз пуллик SMS ва онлайн хизматларга автоматик уланишни тўхтатишни мақсад қилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йил бошидан буён бундай ҳолатлар юзасидан 1192 та шикоят келиб тушган. Уларнинг аксарияти асосли деб топилиб, абонентларга жами 683,2 млн сўм қайтарилган.
Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов бу муаммони тан олди ва таъкидлашича, янгиланган қоидалар абонентларни икки босқичли тартибда пуллик хизматларга улашни назарда тутади. Яъни, фойдаланувчига хизмат ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этилади ва фақат унинг SMS, USSD-код, қўнғироқ ёки бошқа ишончли усул орқали розилигидан кейингина уланиш амалга оширилади.
Автоматик уланиш мутлақо тақиқланади. Ҳужжат ҳозирча идоралараро муҳокама босқичида. Келгусида Адлия вазирлигида расман рўйхатдан ўтказилиши кутилмоқда. Мазкур ислоҳот мамлакатда мобил алоқа хизматларининг шаффофлиги ва фойдаланувчилар ҳуқуқларини кафолатлашга қаратилган муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.