ЖАМИЯТ

Сурхондарё вилоятида кадастр соҳасида 2025 йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан Матбуот анжумани бўлиб ўтди

Анжуман Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилди ва унда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда иштирокчиларга жорий йилнинг биринчи ярмида бажарилган ишлар, эришилган натижалар ва соҳадаги ислоҳотлар юзасидан батафсил маълумот берилди.

Таъкидланганидек, 2025 йил 1 январ ҳолатига кўра, Сурхондарё вилоятида умумий 2 миллион 9 минг 911 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 238,5 минг гектари суғориладиган экин ерлари ҳисобланади.

Кадастр агентлиги томонидан 2024–2025 йилларга мўлжалланган маҳаллаларни хатловдан ўтказиш ишлари доирасида жорий йилда вилоятда 153 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Бугунги кунга келиб 147 та маҳалланинг чегаралари тасдиқланиб, “Uzkad” дастурига киритилди. Шунингдек, 32 566 та кўчмас мулк объектида хатлов ишлари амалга оширилиб, шундан 23 725 таси “ Uzkad” дастурига киритилган ва 16 972 таси “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига юборилган. 170 та объект бўйича ҳуқуқлар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан эътироф этилган.

Вилоятда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли жами 607 479 та кўчмас мулк объекти мавжуд. Улардан:

•507 692 таси якка тартибдаги турар жойлар (457 013 таси уйлар, 50 679 таси бўш ер участкалари),
•52 217 таси кўп қаватли уйлардаги квартиралар,
•47 570 таси нотурар жой объектларидир.

2025 йилнинг биринчи ярмида кадастр паспортини шакллантириш учун 33 348 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 21 016 таси ижобий ҳал этилган, 10 326 таси рад этилган, қолганлари тўлов жараёнида ёки кўриб чиқилмоқда.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали жами 42 571 та буюртма келиб тушган. Улардан 24 786 таси давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ўтган 6 ойда жами 7 513 та фуқаро мурожаати қайд этилган. Улардан:
• 1 151 таси Президент Администрациясининг ишонч телефони ва веб-сайти орқали,
• 833 таси сайёр қабуллар давомида,
• 5 529 таси ёзма равишда келиб тушган.

Мурожаатларнинг 5 932 таси ёки 79 фоизи ижобий ҳал этилган, 1 538 тасига тушунтириш берилган, 43 таси рад этилган.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан 2025 йилнинг биринчи ярмида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қонунбузарликларни олдини олиш, ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида жавоб бериш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.

Тадбир сўнггида журналистларнинг мавзуга оид саволларига мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб бериб ўтилди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan