ЖАМИЯТ

ЭНДИ САНГАРДАКЛИКЛАР ЎЗ ҚИШЛОҚЛАРИДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ИМКОНИЯТИГА ЭГА

Одамларга яқин бўлиш, уларни ўйлантираётган муаммоларга жойида ечим топиш бугун мамлакатимиз бўйлаб муҳтарам юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг бош ғояси саналади. Яқинда, аниқроғи 12 декабр куни фаолияти йўлга қўйилганига икки йил тўладиган Давлат хизматлари агентлиги ҳам ўтган вақт давомида бу борада кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда Сурхондарё вилоятининг 14 та ҳудудида Давлат хизматлари марказлари ташкил этилган бўлиб, уларда аҳолига юздан ортиқ хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Туман ва шаҳар марказларидан олис бўлган маҳаллаларда истиқомат қилувчи юртдошларимизга кенг имкониятлар яратиш мақсадида, шу кунгача Денов туманининг “Сина”, Бойсун туманининг “Мачай” ҚФЙлари жойлашган тоғли ҳудудда давлат хизматлари маркази шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган эди. Бугун ўзининг гўзал, бетакрор шаршаралари билан, барчани лол қолдириб келаётган Сариосиё туманидаги Сангардак қишлоғи аҳолисининг яна бир янгиликдан севинчи чексиз. Сабаби, денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган бу сўлим гўшада Давлат хизматлари маркази шоҳобчаси иш бошлади. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, туман ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар вакиллари иштирок этишди. Осмон билан бўйлашиб турган тоғлар бағридаги Сангардак қишлоғи вилоят марказидан қарийб 200 чақирим узоқликда жойлашган бўлиб, турли хизматлардан фойдаланиш учун туман ва вилоят марказига келиб кетиш ортиқча вақт ва маблағ сарфланишга олиб келар эди. Шу боис, давлат хизматлари маркази шоҳобчаси фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳудуд аҳолисини йиллар давомида қийнаб келган муаммолар ечими йўлидаги муҳим қадам бўлди.

ДХМ Сурхондарё вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати