ЖАМИЯТ

Фаровон ҳаётимиз учун овоз берамиз

Сурхондарё вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ходимлари учун жорий йилнинг 22 декабрь куни парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларга бағишланган семинар ташкил этилди.


Марказий Сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази вилоят бўлими мажлислар залида ўтказилган тадбирда вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўтказувчи вилоят комиссияси раиси Ш.Бойқулов сайловларнинг жамиятимиз тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритди. Мамлакатимиз сайлов тизимида юз берган ўзгариш ва янгиланишларга алоҳида тўхталди.
«Янги Ўзбекистон:Янги сайловлар» шиори остида ташкил этилаётган муҳим сиёсий кампанияда бу йил илк марта бешта сиёсий партия ўз номзодларини илгари сурмоқда. Сайловчиларнинг электрон руйхати шакллантирилиб, бир сайловчи-бир овоз тамойили жорий этилди. Сайловларда овоз бериш вақти эрталаб 08:00 дан кечки 20:00 гача этиб белгилангани ҳам фуқаролар учун яна бир қулайлик бўлди.
Семинарда бошқарма бош юристконсульти Ш.Хайдарова миллий сайлов қонунчилигимиз ва унинг мазмун-моҳияти тўғрисида маьлумот берди.


Жорий йилда қабул қилинган Сайлов кодекси миллий сайлов қонунчилигимиз тарихида улкан воқеа бўлди. Мазкур кодексда сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора, шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоидалар жой олган. Шунингдек, илгари амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташлагани билан аҳамиятлидир.
-Сайловлар бизнинг хохиш-иродамизни эркин билдиришимиз учун Конституциямизда белгилаб қўйилган асосий ҳуқуқларимиздан биридир,-дейди вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари З.Алимардонова.- Биз 22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда фаол иштирок этиб, эртанги янада фаровон ҳаётимизни таьминлаш учун муносиб ҳисса қўшишга қодир бўлган номзодларни ёқлаб, овоз берамиз.
Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.