КОРРУПЦИЯ

КОРРУПЦИЯ – ХАВФЛИ ИЛЛАТ

Коррупция бу – мураккаб ижтимоий-иқтисодий-сиёсий ҳодиса бўлиб, жамият тараққиётининг муҳим омиллари бўлмиш тинчлик, осойишталик, адолат ва қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларни буткул йўқ қилади, миллий хавфсизликка таҳдид солиб, мамлакат ривожига тўсиқ бўлади. Бирор-бир соҳада коррупцияга йўл қўйилар экан, бу ҳолат ўша соҳани таназулга учрашига сабаб бўлиши билан бирга, бутун мамлакатнинг обрўйига салбий таъсир кўрсатади.

Дарҳақиқат, янги Ўзбекистонда юртдошларимизнинг эркин ва фаровон яшаши учун кенг кўламли ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётган бир вақтда, давлатнинг нуфузли идораларида фаолият кўрсатаётган айрим мансабдор шахсларнинг пора олди-бердисига алоқадорликда жиноят устида қўлга олинаётганлиги ачинарли ҳолдир. Аслида бундай жирканч ишга қўл ураётган шахслар давлат томонидан моддий жиҳатдан етарлича таъминланган бўлади. Бироқ, назари оч кимсалар ўз меҳнати эвазига топиладиган ҳалол маблағ билан оиласи даромадларини ошириш, хавотирсиз яшаш ўрнига ҳаром луқмага кўз тикиб, қайсидир қинғир иши эвазига пора олиши оддий меҳнаткаш халқимизнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлишини эсдан чиқармаслик керак.

Жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши мажлисида иштирок этган Президентимиз Ш.Мирзиёев коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов эканини, коррупциянинг олдини олиш – давлат хизматига профессионал ва фидойи кадрларни танлаш ҳамда уларни “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлашдан бошланишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари назарда тутган “ҳалоллик вакцинаси” билан эмлаш бу барча давлат тузилмалари фаолиятида коррупцияга қарши қаратилган етарли ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш, мавжудларини эса замон талаблари асосида такомиллаштириш ва унга қатъий риоя қилиш орқали унинг олдини олишни, унга қарши самарали курашишни англатади.

Коррупция давлат бошқарувига, фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончига ва инсон ҳуқуқларига тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун, давлат органлари фаолиятини самарали амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг маънавий қиёфаси, яъни таълими, тарбияси, ҳалоллиги, виждонлилигига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан давлат хизматига мазкур талабларга жавоб берадиган ҳалол ҳамда пок кадрларни танлаш ушбу органлар раҳбарларининг зиммасидаги биринчи навбатдаги вазифа ҳисобланади.

Шунингдек, аҳолининг давлат ҳокимияти органлари ходимларига бўлган ишончи нафақат уларнинг малакаси ва меҳнатеварлигига, балки ҳалоллиги ва поклигига, яъни юксак маънавиятли бўлишига бевосита боғлиқдир. Мансабдор шахснинг ҳалоллиги ўз вазифаларини виждонан бажаришида, ростгўйлигида, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийишида ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида намоён бўлади.

Ҳар қандай шахс у ким бўлишидан қатъий-назар ўз оила аъзоларини фақат қонуний ва ҳалол даромадлар эвазига яшашга ўргатиш мажбуриятига эгадир. Агарда кимда-ким фарзандларни ҳаром луқма ҳисобига боқаётган бўлса бу заҳар бериш билан баробарлигини ва оқибатда муқаррар равишда кулфатга гирифтор бўлиши мумкинлигини идрок қилиши даркор.

”Ҳалол одамни таъқиб қилиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди” дейди буюк француз файласуфи Вольтер.

Таъкидлаш лозимки, коррупцияга қарши курашишда энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилиш ҳамда бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш, шунингдек мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозимдир.

Аблқосим РУЗИҚУЛОВ,Сурхондарё вилоят суди раиси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan