
Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш, таклиф ва мулоҳазаларини тинглаш, муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилаётган навбатдаги очиқ мулоқот Узун туманида бўлиб ўтди.
Вилоят марказидан қарийб 200 км узоқликда жойлашган мазкур туманда айни дамда 2100 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.

Вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов хусусий сектор вакиллари билан учрашувда ҳудуд аҳолисининг тадбиркорлик салоҳиятини алоҳида эътироф этди.
Бугунги кунда Узун туманида инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Хусусан қандолатчилик кластерини ташкил этиш, замонавий савдо комплексларини бунёд этиш ҳамда мавжуд савдо марказлари фаолиятини кенгайтириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йил бошидан 20 дан зиёд бўш турган объектлар ишга туширилиши натижасида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари сони ортиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлик ривожида муҳим аҳамият касб этаётган солиқ имтиёзлари ва солиқ қонунчилигидаги сўнгги янгиликлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
Иштирокчиларнинг онлайн назорат-касса техникалари, солиқ ҳисоботи, электрон ҳисоб-фактура ҳамда ортиқча солиқ тўловлари билан боғлиқ мурожаатлари тингланди. Айрим масалалар юзасидан тушунтириш берилди ва ўрганишни талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.