СПОРТ

Голни жамоавий нишонлаш ва майдонга туфлаш тақиқланади. Суперлигада яна қандай чекловлар жорий этилмоқда?

«Маълумки, Республика махсус комиссиясининг 2020-йил 29-майдаги йиғилиши баёни билан футбол бўйича халқаро ва ички мусобақаларга юқори даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уларда қатнашиш мақсадида:

– профессионал футбол клубларига ўз ўқув машғулотларини санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ ҳолда бошлашга;

– 2020-йил 5-июндан бошлаб Ўзбекистон профессионал футбол лигаси чемпионатларини давом эттиришга рухсат берилди.

Бунда футбол ўйинлари томошабинлар иштирокисиз ўтказилиши белгиланди.

Шунга мувофиқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси хамкорлигида халқаро тажрибани ўрганган ҳолда «CОВИД-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида профессионал футбол машғулотлари ҳамда мусобақаларини ташкил қилиш тўғрисидаги вақтинчалик санитария-гигиена қоида ва меъёрлари» ишлаб чиқилди.

Ушбу вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларида Профессионал футбол жамоалари машғулотларини ташкил этиш, мусобақалар ўтказиш ва ўқув-машғулот базасидан фойдаланишга доир талаблар белгилаб берилган», дея Ботир Қурбоновнинг сўзларини келтирмоқда Кун.уз мухбири.

Мутасаддининг қайд этишича, футбол бўйича суперлига ўйинларини ўтказишда қуйидаги асосий талабларга риоя қилиниши лозим:

– битта учрашувдаги иштирокчиларнинг (жамоалар, ташкилотчилар ва ОAВ ходимлари) умумий сони 140 нафардан ошмаслиги керак;

– учрашув учун танлаб олинган барча тўплар, ГПС тизимлари (Полар тизими), фишкалар, дарвозалар устунлари ҳамда тўрлари, барча экипировкалар дезинфекция қилиниши шарт. Бунда улар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария бўйича барча талабларига жавоб бериши керак.

– учрашувлар ўтадиган стадионларга кириш олдидан ҳар бир жамоа аъзоси пирометрия (тана ҳароратини ўлчаш) текширувидан ўтиши шарт.

– учрашув давомида стадионга киритилган барча персонал карантин нормаларига (шахсий ҳимоя воситаларига) қатъий риоя қилиши шарт. Уларга тупуриш, оғиз чайқалган сувни оммавий жойга (айниқса футбол майдонига) ташлаш каби санитария қоидаларини бузиш тақиқланади (футболчилар оғиз чайиши ҳамда оғиздаги сувни ташлаши учун алоҳида идишлар, яъни, туфдон қўйилган нуқталарни ташкил этиш тавсия этилади).

– футболчилар ва ҳакамлар ечиниш хоналари, шунингдек, автобуслар кварс лампалар билан жиҳозлаш керак (портатив кварс лампа). Бунда кварс лампалардан фойдаланиш бўйича кўрсатмаларга қатъий риоя қилиниши зарур

– стадион ҳудудидаги барча персоналлар шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши шарт. Фақатгина ўйин вақтида майдонда ҳаракат қилаётган футболчилар ва ҳакамларда маска бўлмайди. Чигалёзди машғулотларида қатнашувчилар ҳам маскалардан фойдаланади.

– учрашув олдидан икки жамоа вакиллари ва ҳакамларнинг ўзаро қўл бериб кўришиш тадбирлари бекор қилинади.

– жамоавий расмга тушишда футболчилар ижтимоий масофа сақлайди ҳамда бир-бирига тегиниб турмайди (зиг-заг усулида).

– футболчилар голни нишонлаётганда ижтимоий масофа сақлайди ва голни жамоавий нишонлашга йўл қўйилмайди.

– карантин талабларидан келиб чиқиб, матбуот анжумани ўтказилади. Унда иштирок этаётган барча карантин талабларига қатъий риоя этиши шарт.

– матбуот анжуманида иштирок этаётган футболчи ва мураббийлар микрофон, диктофон каби воситаларга тегиниши, уларни бир жойдан бошқа жойга суриши мумкин эмас.

– учрашув стадиони алоҳида изолятор хонаси бўлиши ва мазкур хона зарурий тиббий жихозлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

– учрашув ўтадиган туташ бинолар ичи футболчилар келишидан 2 соат аввал дезинфекцияланиши керак.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan