ЖАМИЯТ

СУДЛАР ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ИШОНЧЛИ КАФИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Давлат органлари, суд ва ҳуқуқ-тартибот органлари, маҳаллий ҳокимликларнинг имижини шакллантириш ва уларга нисбатан аҳолининг ишончини ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб томонидан белгиланган вазифаларни судлар томонидан 2025 йил I-чорагида амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси”га мувофиқ, барча ҳудудларда судларнинг ижобий имижини шакллантириш, аҳолини суд органлари фаолияти ва судларга нисбатан ишончини ошириш мақсадида, суд-ҳуқуқ соҳасига доир ислоҳотлар, суд тизимига оид янгиликлар, хусусан қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ҳақида брифинглар ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьялари Термиз иқтисодиёт ва сервис университетида “Судлар инсон ҳуқуқларининг ишончли кафили” мавзусида “Судья ва ёшлар” иштирокида маърифий-ҳуқуқий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Мазкур тадбирда вилоят суди судьяси Руфат Бегимов чора-тадбирлар режасига мувофиқ, барча ҳудудларда тадбирлар ўтказиб келинаётганлигини, судлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланишини, айниқса, инсонларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Дарвоқе, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Шу каби, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 134-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг
4-моддасида, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир деб, 14-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга.

Юридик шахслар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир деб белгиланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси иқтисодий процессуал кодексининг 2-моддасига кўра, иқтисодий суд ишларини юритиш вазифалари иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (бундан буён матнда юридик шахс деб юритилади) ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш;

иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш;

қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришдан иборатдир.

Амалдаги қонунчиликка асосан жисмоний ва юридик шахслар судга даъво аризаси, ариза ва ёки шикоят билан мурожаат қилганда давлат божи тўлаши лозим.

Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг
3-моддасига кўра, давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Давлат божи ставкаларининг миқдорлари ушбу Қонуннинг иловасига мувофиқ белгиланган. Тадбир давомида вилоят суди судьяси А.Мамараимов сўзга чиқиб, университетнинг ўқитувчи ва талабаларга инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги, айниқса ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим бериш фаолияти янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимнинг асосий тамойиллари ва услубларини ўзлаштириш, илмий-тадқиқот ва ўқув жараёнини такомиллаштириш каби вазифалар муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46 сон Қарорида белгилаб берилганлигини таъкидлаб ўтди.

Тадбир сўнггида кун тартибидаги мавзулар юзасидан ўқитувчи ва талабалар томонидан берилган саволларга судьялар атрофлича жавоблар беришди.

РУФАТ БЕГИМОВ, Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan