ЖАМИЯТ

КАДАСТР АГЕНТЛИГИ ИНСПЕКТОРЛАРИГА ПЛАНШЕТЛАР БЕРИЛМОҚДА

Маълумотларга қараганда, 2024-йилнинг ўтган икки ойи мобайнида 342 та ҳолатда 51.39 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган, хўш бундай қонунбузарликлар қандай аниқланаяпти?

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 07-сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони асосида ишлаб чиқилган мазкур ахборот тизими доимий такомиллашиб борилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармасининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Х.Умиров. – Ҳозирда ушбу тизим Ички ишлар вазирлигининг “Е-маъмурий иш” ахборот тизими билан интеграция қилинган, яъни энди инспекторларимизга махсус планшетлар берилмоқда ва улар мазкур қурилма орқали ер қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритиши, маъмурий баённомалар расмийлаштириши мумкин бўлади. Бугунгача барча хужжатлаштириш ишлари қоғозда амалга оширилиб, кўп оворагарчиликка сабаб бўлган.

“Е-ер назорат” ААТ дастури ёрдамида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқубузарликларни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро хужжат алмашиш тезкорлиги оширилди. У шунингдек, мутахассисларга ер ҳолатини космик суратлар ёрдамида назорат қилиб боориш, ноқонуний қурилиш ёки қурилишдаги қонунбузарликларни эрта аниқлаш имконини беради.

Содда қилиб айтганда, энди акция ёки бошқа ҳуқуқий янгиликлар умидида ерни ноқонуний эгаллаш, унга иншоот қуриб ота-бобомдан қолган, дея иддао қиладиганларнинг найранги ўтмайди. Тизим ернинг бир неча ўн йиллик ҳолатини кўрсатиши мумкин.

-Аксарият қонунбузарлар бу қилмиши учун жавобгарлик борлигини ўйлаб ҳам кўрмаган – дейди Х.Рамозонов. -Аммо маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 60-моддасида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, жумладан, ушбу ер участкаларидан фойдаланиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баровари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

Шунингдек, агар сиз ўзингизга тегишли бўлмаган ерда қурилиш ишларини амалга оширсангиз базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик баровари миқдорида, мансабдор шахслар учун уч юз баровари миқдорида жарима тўлашингизга тўғри келади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan