ЖАМИЯТ

МИБ тўйни буздими?!

Олтинсой  тумани  “Мармин”  маҳалласида  яшовчи Шерзод Бозоров (исм, фамилия ўзгартирилган)нинг никоҳ тўйида кутилмаган воқеалар юз берди. Кўпчилик меҳмонлари қаторида тўйга МИБ ходимлари ҳам келиб, куёв болага ижро ҳужжатларини тақдим этдилар.  Маълум бўлишича, Шерзод Бозоров бир неча йиллар олдин биринчи оиласи билан ажрашган. Шундан сўнг унга Олтинсой туман маъмурий суди томонидан 3 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ, у  ўз зурриёдларининг моддий таъминотига бефарқ бўлиб бу пулларни тўламайди. Аксинча, иккинчи марта уйланиб оила қуради. Ва бу оилани ҳам сақлаб қололмай, ажрашади. Иккинчи оиласида ҳам  1 нафар фарзандининг тирик етимга айланишига сабабчи бўлади. Ш.Бозоров иккала оиласида ҳам фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб қочиб юрган. У яшаш манзилидан чиқиб, бедарак кетганлиги сабабли Мажбурий ижро бюросининг Олтинсой туман бўлими томонидан 2018 йил  27 ноябрь куни қидирув ҳам эълон  қилинган.

Фарзандлари учун алимент тўлашдан бўйин товлаб қочиб юрган ота ҳақида хабар етиши билан йўлга отланган МИБ ходимлари тўй устидан чиқишди. Қонуний тартибда куёв болага мажбурияти тушунтирилди. Лекин … .

Бюронинг туман бўлими томонидан тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда  ҳал қилишлик учун 8 июнь куни туман маъмурий судига юборилди  ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг    474-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди. Чимилдиққа улгурмаган куёв жазо муддатини ўтамоқда.