ЖАМИЯТ

Болаларга нисбатан зўравонликка гувоҳ бўлсангиз…

Ижтимоий тармоқларда шифохонада она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани ҳолати тасвирланган видео тарқалди.

Телеграм каналларда эса ушбу ҳолат юзасидан журналистик суриштирув ўтказилгани билан боғлиқ видео тақдим этилди.

Ҳар иккала видеода гувоҳларнинг бирортаси жабрланаётган болани қутқаришга ҳаракат қилмагани, фақат воқеани видеога олиб ўтирганини кўриш мумкин. Албатта, бу таажжубланарли ҳол.

Айниқса, воқеанинг тиббиёт муассасасида содир бўлгани даволовчи шифокор ва ҳамширанинг воқеадан хабардорлиги ва ҳаракатсизлиги янада ачинарли.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари керак.

Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт. Бундан англаш мумкинки, болаларни биринчи навбатда зўравонликдан ҳимоя қилиш, агар бунинг имкони бўлмаса, зудлик билан ваколатли органларга мурожаат қилиш лозим.

Шуни яхши билиш керакки, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликка бепарволик ёки бефарқлик каби бошқа ҳаракатлар ҳам болаларга нисбатан зўравонлик ҳисобланади.

Болаларга нисбатан зўравонлик гувоҳи бўлган барча боланинг атрофидагилар болага қилинган шафқатсизлик учун жавобгардирлар.

ЮНИСEФ маълумотларига кўра, дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан олтитаси ҳар куни жисмоний зўравонликка учрайди. Ҳар 5 дақиқада бир бола зўравонликдан вафот этади.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳар қандай шароитда юз бериши мумкин бўлса-да, шуни билишимиз керакки, бола ёки ўспириннинг зўравонликка учраши эҳтимолини оширадиган баъзи бир хавф омиллари мавжуд.

Масалан, тўрт ёшгача бўлган болалар ва ўспиринлар юқори хавф остида. Худди шу нарса исталмаган, жисмоний ёки ақлий ногирон бўлган ёки кўп йиғлайдиган болалар билан ҳам содир бўлади.

Болалари билан алоқа ўрнатишда қийналган, болалигида ўзлари зўравонлик қурбонлари бўлган ёки ўз фарзандларининг ривожланишидан умидвор бўлмаган ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчилар ёки қонуний вакилларнинг зўравонлик қилишлари хавфи юқори.

Бундан ташқари, уйдаги молиявий қийинчиликлар, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик билан боғлиқлик зўравонлик содир этишга сабаб бўлиши мумкин.

Ва ниҳоят, оиладаги зўравонлик шароитида яшайдиган, ўз жамиятида изоляцияни бошдан кечираётган оилаларда ҳам болаларга нисбатан зўравонлик хавфи катта.

Шубҳасиз, зўравонлик ҳолатлари болаларда жисмоний, руҳий, хулқ-атвор ва ижтимоий бузилишларни келтириб чиқаради.

Умуман олганда, болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ҳукуматларнинг вазифаси бўлиб, улар оилаларга ёрдам бериш, ўқитиш ва қўллаб-қувватлаш дастурларини яратиши керак.

Aгар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатини билсангиз, нима қилиш керак?

Aгар сиз болаларга нисбатан зўравонлик қилингани ҳолатини билсангиз ёки унга шубҳа қилсангиз, ҳудудингиздаги болаларни ҳимоя қиладиган органларга мурожаат қилинг.

Aгар жисмоний зўравонлик ёки бепарволик боланинг ҳаётини бевосита хавф остига қўяди, деб ҳисобласангиз, иккиланмасдан ички ишлар ва прокуратура органларига қўнғироқ қилинг.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, юқоридаги ҳолатга албатта ҳуқуқий баҳо берилади. Болага нисбатан зўравонлик жавобсиз қолмайди.

Фақат сиз бепарво бўлманг, болаларга нисбатан зўравонликка гувоҳ бўлсангиз бунга томошабин бўлманг, болани ҳимоя қилишга ҳаракат қилинг!

Саттор Раҳматов, Омбудсманнинг бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори мудир

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan