
Сўнгги йилларда иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва молиявий тизимни соғломлаштиришда муаммоли кредитлар масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Вилоят прокуратураси органлари томонидан ушбу йўналишда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 15 та тижорат банки фаолият юритмоқда. Улардан 9 таси — давлат улушига эга, 6 таси эса хусусий банклар ҳисобланади. Жорий ҳолатга кўра, умумий кредит қолдиғи 21 трлн. 541 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан 1 трлн. 205 млрд. сўми (5,6%) муаммоли кредитлар улушига тўғри келмоқда.
Марказий банк билан ҳамкорликда тасдиқланган “лойиҳабай” режа-графиклар асосида ҳудудий штаблар томонидан муаммоли кредитларни қисқартириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Давлат банкларидаги 982 млрд. сўмлик муаммоли кредитларни йил якунигача 467 млрд. сўмга тушириш режаси белгиланган.
Вилоят прокуратураси органлари томонидан 1 млрд. сўмдан юқори бўлган 179 та, умумий 1,2 трлн. сўмлик муаммоли кредит йиғма жилдлари атрофлича ўрганилди. Текширувлар натижасида:
• 66,1 млрд. сўмлик 6 та кредит асоссиз банкда сақлангани аниқланиб, ССПга топширилди;
• 97 млрд. сўмлик қарз ундириш учун судларга 1147 та ариза киритилди;
• 8 мингдан ортиқ қарздор фуқаро ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди;
• 91 млрд. сўмлик қарздорлиги бор 211 та корхонага амалий ёрдам кўрсатилди;
• 16 млрд. сўмлик қарзи бўлган 3 та тадбиркорлик субъекти фаолияти соғломлаштирилди.
Ижро ҳаракатлари натижасида 214 млрд. сўмлик кредит қарздорликлари амалда ундирилди, 271 млрд. сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулклар сотувга чиқарилди ва 190,2 млрд. сўм ижро ҳужжатлари асосида иш ҳақига ундирув йўналтирилди.
Муаммоли вазиятлар юзага келишига сабаб бўлган ҳолатлар бўйича тегишли жавобгарлик масалалари ҳам қатъий ҳал этилди. Жумладан, 42,9 млрд. сўм кредит маблағларининг талон-торож қилиниши ҳолати бўйича 21 та жиноят иши қўзғатилиб, шундан 5 нафар банк ходимига нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, 14 та тақдимнома асосида 42 нафар банк ходими маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.
Амалга оширилган тизимли ишлар натижасида умумий 273 миллиард сўмлик муаммоли кредитлар қисқартирилишига эришилди. Бу эса фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, банк тизимининг барқарорлиги ва молиявий интизомни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди.
Хулоса ўрнида, прокуратура органлари ва банклар ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари самара бераётганини кўриш мумкин. Энг муҳими, муаммоли кредитлар сони камайиб, иқтисодиётда айланма маблағлар кўпаймоқда — бу эса бутун вилоят ривожи учун хизмат қилади.
А.Мавлонов, Бош прокуратура бошқарма прокурори
А.Хуррамов, Вилоят прокуратураси бўлим прокурори