Бош консулхона фуқаролар ва уларнинг яқин қариндошларига фирибгарлардан эҳтиёт бўлиш, фақат қонуний йўллар билан чет давлатга кетишни тавсия қилмоқда.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда Туркия ҳудудида айрим тоифадаги жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон фуқароларига йирик пул маблағлари эвазига АҚШга доимий яшашга юбориш, шунингдек, Европа мамлакатларининг визаларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиш орқали фирибгарлик жиноятларининг содир этилиши ҳолатлари кўпаймоқда.
Бу тоифадаги шахсларга ишонган фуқароларимиз жиддий муаммоларга дуч келиб, уларнинг кўрсатмаси билан турли хорижий давлатларга, асосан Осиё ва Африка давлатларига бориб, у ерда сарсон-саргардон бўлмоқда.
Бош консулхона фуқаролардан АҚШга ёки Европа мамлакатларига қонуний йўл билан чиқиш учун фақат расмий ваколатли идораларга мурожаат қилишни, ҳеч кимга визани ёки АҚШга ноқонуний ўтишни ваъда қилиб, пул талаб қилаётган шахсларга ишонмасликни, шахсий ҳужжатларни бегона одамларга топширмасликни тавсия қилмоқда.
Маълумот учун: Куни-кеча АҚШга кетиш илинжида фирибгарлар тузоғига тушиб, Африка ва Лотин Америкаси давлатларида фарзанди билан оғир аҳволда қолган яна бир аёл ватандошимиз Бош консулхона ёрдамида Ўзбекистонга юборилди, — дейилади хабарда.