ДУНЁ

Сурияда Эрон ҳарбий қўмондони ўлдирилди

Сурияда Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий маслаҳатчилари қўмондони, генерал-майор Киямурс Ҳошимий ҳалок бўлди. Бу ҳақда SNN телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, эронлик юқори мартабали ҳарбий хизматчи Суриянинг Алеппо шаҳри ҳудудида бўлган. “Fars” ахборот агентлигига кўра, у ушбу шаҳарда ёлланган террорчилар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси матбуот хизмати ҳам Ҳошимийнинг ҳалок бўлганини тасдиқлаган ва унинг оиласи ҳамда яқинларига ҳамдардлик билдирган. Идоранинг қайд этишича, у Суриядан аввал Ироқда хизмат қилган.

“Reuters” нашрига кўра, Сурия жангарилари ҳукумат кучларига қарши кенг кўламли операция ўтказиб, Алеппо вилоятининг шимоли-ғарбида камида 10 туман устидан назоратни қўлга киритган. Уларга 13 та аҳоли пункти, жумладан, Урм-ас-Суғро, Анжара ва Урм-аль-Кубро шаҳарлари ҳам қўшилган. Шунингдек, террорчилар энг йирик ҳарбий базани ҳам эгаллашга муваффақ бўлган.

Ҳукумат кучларига қарши курашаётган қуролли гуруҳлар орасида “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” террористик ташкилоти иштирокчилари ҳам борлиги айтилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan