Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукмрон партияси 2028 йил охиригача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокаралар очилиши масаласини кун тартибига қўймаслик ва Европа Иттифоқи томонидан тақдим этиладиган барча бюджет грантларидан воз кечиш қарорини қабул қилганини эълон қилди. Бу ҳақда “Sputnik Грузия” хабар берди.
Кобахидзега кўра, ушбу қарорга Европа Иттифоқи томонидан музокараларни бошлаш масаласида доимий босим ўтказилгани, мамлакат парламенти томонидан қабул қилинган айрим қонунларни бекор қилиш талаблари ва Грузия ҳукуматига қарши санкциялар жорий этишга чақириқлар сабаб бўлган.
Шундан сўнг Тбилиси ва Грузиянинг бошқа шаҳарларида норозилик намойишлари бошланган. Фуқаролар ҳукмрон партиянинг марказий офиси олдида тўпланган. Ушбу офисда музокара жараёнини тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинган йиғилишдан сўнг ҳукумат вакиллари қолиб кетган. Ҳудудда кўплаб ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари жойлаштирилган. Грузия парламенти биноси олдига юздан ортиқ одам йиғилган. Пойтахтдан ташқари Кутаиси ва Батумида ҳам намойишлар ўтказилмоқда. Фуқаролар ҳеч қандай мухолифат етакчиларининг чақирувларисиз ўз ташаббуслари билан кўчага чиққан.
Маълумот учун, Грузия парламенти томонидан жорий йилнинг май ойида “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинганидан сўнг Грузиянинг Европа Иттифоқи ва АҚШ билан муносабатлари кескин ёмонлашган. Европа Иттифоқи Грузия ҳукуматини бир неча бор ушбу қонунни бекор қилишга чақирган. Аммо ҳукмрон партия етакчилари қонуннинг мақсади Грузияда фаолият юритаётган нодавлат ташкилотлар молиявий оқимларининг шаффофлигини таъминлаш эканини таъкидлашда давом этган. Уларнинг фикрича, айрим ННТлар мамлакатда инқилоб қилишга ҳаракат қилган. Кобахидзе бир неча бор Ғарб ҳамкорларини ушбу қонун юзасидан мунозара қилишга чақирган.