МАДАНИЯТ

Дунё бўйлаб онлайн Лазги

Хоразм вилояти туризмни ривожлантириш департаменти ва “Eurasia Virtual Academy” ҳамкорлигида онлайн туризм лойиҳаси иш бошлади.

Ўзбекистон вақти билан ҳафтанинг шанба куни соат 21:20 да Aмерика қитъаси бўйлаб Халқаро даражадаги рақс мураббийси, хореограф Эмико Карнамрита Ноор Накамура бошчилигида Хоразм рақс санъатидан маҳорат дарслари олиб борилмоқда.

Бу лойиҳада халқаро академиянинг профессионал раққослари Зоом видеоконфренсияси орқали Хоразм лазги рақс санъати дарғаси, Ўзбекистон халқ артисти Гавхар Матякубова, ҳамда шогирдлари Ниҳол мукофоти соҳибаси Дилноза Ортиқова ва моҳир лазги раққоси Отабек Рўзметовлардан Хоразм лазги санъатининг сир асрорларини ўрганишмоқда.

Бундан асосий мақсад Хоразм лазгисини дунёга танитиш ва Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишдир.

Маҳорат дарсларида лазги рақсининг кичик элементларидан тортиб унинг саҳналаштирилган кўринишлари ҳам ўргатилмоқда. 1.5 соат давом этадиган ушбу маҳорат дарсларида Гавхар Матёқубова Хоразм рақс санъатининг тарихи, унинг бошқа халқларнинг рақсларидан фарқли ва жозибали томонлари бўйича ҳам ўз билимларини бериб бормоқда.

Айтиш керакки, 2019 йил 12 декабр куни Хоразм лазги рақси Ўзбекистоннинг маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган эди. Шу пайтгача мазкур рўйхатга дунё халқларининг 6 та рақс тури киритилган. Улардан бири Хоразм лазги рақси ҳисобланади.

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan