Фойдали

Қўлда ёзишнинг фойдаси ҳақида бешта факт

Ноутбуклар, планшет ва телефонлар аллақачон ручка ва қаламнинг ўрнини эгаллади. Aммо оддий қоғозга қўлда нималарнидир қоралаш мияга кўп фойда келтириши мумкин. Қўлда ёзишнинг фойдали эканлигини қуйида келтирилган бешта факт ҳам тасдиқлайди.

  1. Aхборотни яхшироқ эслаб қоламиз

Ёзув жараёнида миянинг махсус қисми – ретикуляр фаоллаштирувчи тизим ишга тушади. У филтр каби ишлайди – четдан келаётган ахборотнинг қайта ишланишини блоклайди. Ҳарфларни қоғозда ручка ёки қалам билан ёзар эканмиз, диққатимизни яхшироқ жамлаймиз ва миямизнинг ёзаётган нарсамизга кучлироқ концентрация қилишига ёрдам берамиз. Вашингтон Университетидан психолог Виржиния Бернингер ручка ва клавиатура ўртасидаги фарқни қуйидагича изоҳлайди: “Қўлда ёзаётганингизда кўпроқ ҳаракат қиласиз, чунки ҳар бир ҳарф учун алоҳида элементар ҳаракатлар бор, компьютердаги иш эса бир хил – ҳар сафар фақатгина клавиатурани босиш керак”. Бундан ташқари, каллиграфия (чиройли ёзиш санъати) билан шуғулланиш дислекция билан курашишга ёрдам беради.

  1. Нутқимизни яхшилаймиз

Кўпгина машҳур ёзувчилар (Труман Капоте, Вуди Aллен, Сюзан Зонтаг) ҳамкасблари клавиатурага ўтганига қарамай, роман ва песаларни қўлда ёзишни маъқул кўрардилар.

Масалан, Капоте янги роман бошлаётганида, авваламбор ручка билан ёзишини ва кейинчалик матнни машинкада теришини айтган.

2009-йилда Вашингтон университети психологлари шуни аниқлашди: иншони қўлда ёзган ўқувчиларнинг матни мазмунлироқ ва турли-туман бўлган. Улар мураккаброқ жумлалардан фойдаланишган ва компьютерда ёзган тенгдошларига нисбатан вазифани барвақтроқ якунлашган.

  1. Диққат қилишимиз енгиллашади

Компьютер қаршисида ишлаш сенсор тизимимизни чарчатади. Экраннинг пилдираши, курсорнинг ҳаракати, битта уринишда исталган ахборотга эга бўлиш имконияти – ижодий қобилятни пасайтириб юборади. Aксинча, олдингизда фақатгина қоғоз ва ручка турганида, мия қўшимча таъсирлардан ҳоли бўлади ва барча ресурсларини аниқ бир вазифага йўналтира олади.

  1. Стрессдан халос бўламиз

Ички кечинмаларингиз ва ўйларингизни қоғозда ифодалаш –  уларнинг кучини пасайтиради. Экспрессив психотерапия методикаси муаллифи Натали Роджерс кундаликдаги ёзувларни – ўзини ифодалаш ва ижодий энергияни уйғотишнинг муҳим усули,  деб айтади. Тез-тез қўлда ёзиб туриш – ўзингизнинг индивидуаллигингизни кўпроқ намоён қилиш демакдир. У ҳарфлар шакли ва ўлчами, ҳуснихатнинг тезкорлиги, матннинг саҳифада жойлашувида намоён бўлади.

  1. Мия узоқ вақтгача ёшлигини сақлаб қолади

Ёзув жараёнида миямиздаги тафаккур, тил ва ишчи хотира билан боғлиқ зоналарини фаоллаштирамиз. Вақти-вақти билан қўлда ёзиб турсангиз, мияни қўшимча шуғуллантирган бўласиз. Психологлар аллақачон ақлий қобилиятлар ва ёзув кўникмаси ўртасидаги алоқага эътибор қаратишган.

“Беморларнинг қўлда ёзилган эски кундаликлари билан клавиатурада ёзган янги қайдларини солиштирганимизда ўз фикрларини ифодалаш борасида катта фарқ кўрдик”, – дейди Дюка Университети профессори, нейробиолог Мюрали Дорайсвами. – Бугун, кўпчилик одамлар компютерда ёзишга ўтиб кетган бир пайтда ақл ўткирлигини сақлаб қолиш учун қўлда ёзиш – яхши машғулот бўлади”.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan