Фойдали

Покланиш ойининг ёғдулари

Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойи.

“Рамазон – маънавият ва маърифат ойи” дейилишига бир қанча сабаблар бор:

Биринчидан, бу ойда илм билан машғул бўлинади. Билмаганни билишга интилинади, англанганларини эса ўзгалар билан улашишга алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони карим ўқилади, ҳадислар айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръондан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик бўлади. Бир яхшилиги ўн баробар бўлади. Алиф, лам, мим бир ҳарф, демайман. Лекин алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф, мим бир ҳарфдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Иккинчидан, инсонлар бир-бирининг ҳолидан хабар олади. Уришганлар ярашади. Гиналар унутилади. Кечиримли бўлинади.

Учинчидан, рамазон ёрдам, кўмак ойидир. Муҳтожлар ёд олиниб, эҳтиёжмандларга ҳар доимгидан кўпроқ мадад берилади.

Тўртинчиданрамазон ойининг шарофатидан инсон ўзида эзгу амалларни мужассам қилади.

Бешинчидан, рамазонда мақсадлар муштарак. У шуниси билан бирдамлик ойи. Бу ойда одамлар риёзат билан ўзини ислоҳ қилишга шошади.

Олтинчидан, огоҳлик, дахлдорлик ойи. Бу ойда имон синовдан ўтади. Атрофдагиларга ўзгача – меҳр, муҳаббат, ҳурмат нигоҳи билан қаралади. Айблар кўринмайди, камчиликлар ёпилади.

Еттинчидан, ғанимат ойи. Рўзадорлар мақсад қилинган ишларини бажаришга, берилган вақтни ғанимат билиб, натижадор ишларга бел боғлашга шошилишади. Чунки бу ойнинг савоби ҳар қачонгидан кўп, дуоларнинг бисёр ижобати бор.

Саккизинчидан, ибодат ойи. Аслида, рўза – ибодат. Қуръон ўқиш – ибодат. Аллоҳ буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтишлик – ибодат..

Демакк, Рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойидир.

Рамазонда ёлғон гапиришдан тийилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ», деганлар.

Ўзгаларни ўзига ойна билган ҳар ким руҳан покланиб, ақлини тартибга солишга шошилиши талаб қилинади.

Мунира Кахарова

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan