ИЛМ-ФАН МАДАНИЯТ

14 феврал – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун

“Паҳлавон Маҳмуд Абу Сайид Хиванинг ажойиб ўғлонларидан бири. У енгилмас полвон, гўзал мисралар муаллифи эди. Паҳлавон Маҳмуд билан суҳбатлашиш жуда мароқли. Полвон бўла туриб, бу каби фазилатларга эга бўлиш мўъжизанинг ўзгинаси”. Бу шоир, саркарда ва шоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асарларида Паҳлавон Маҳмудга берилган таъриф эди.

Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур башарият тарихининг ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий соҳаларида салмоқли ўрин тутадиган сиймолардан. Бобур Мирзо улуғ шоир ва адиб, қомусий билим соҳиби, айни замонасининг моҳир лашкарбошиси ва йирик давлат арбоби ҳам бўлган.

Унинг шеърий девони “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Ҳатти Бобурий”, “Мубаййин”, “Рисолаи волидия” каби илмий-адабий, баркамол асарлари бизгача етиб келган. Бу асарларнинг ҳар бири ўзбек назми ва насри ривожида муҳим босқични ташкил этиш билан бирга жаҳон адабиёти маданияти ва санъати ҳазинасини бойитишда катта ҳисса бўлиб қўшилган.

Шу боис ҳам улуғ ватандошимизнинг бизгача етиб келган бу бебаҳо ҳазиналари мана неча юз йилдирки, турли халқлар томонидан мутоала қилинмоқда. Олимлар томонидан ўрганилмоқда. Авайланиши, асралиши боис ҳам авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Бобур Мирзо шу халқнинг фарзанди ўлароқ, қаерда бўлмасин эл-юрти учун ёниб, ёди билан яшаган. Ватаннинг ҳар бир гардини кўзига тўтиё этиб ҳаёт кечирди.

14 феврал – шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Шу муносабат билан жойларда, таълим муассасаларида турли тадбирлар, адабий кечалар ўтказилади. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу кунга алоҳида тайёргарлик кўрилиб, кенг жамоатчиликнинг эътибори ушбу санага қаратилади. Бобур туғилган Андижонда эса шоир ҳайкали тойига гулчамбарлар қўйилади.