ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

Италиянинг машҳур мода ва дизайн институти Ўзбекистонда қўшма таълим дастурларини амалга оширади

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг «Polimoda» мода ва дизайн институти директори Массимилиано Жорнетти билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг енгил саноатга ихтисослашган олий таълим муассасалари ҳамда чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳамкорликда малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Директор Массимилиано Жорнетти институт нафақат мода ва дизайн, балки бизнес мактаби сифатида дунёга машҳур бренд компаниялар мутахассислари билан ҳамкорликда технолог ва маркетологларни тайёрлашини билдирди. У, шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонга боришини маълум қилди.

«Сафар чоғида ўтказиладиган учрашувлардан сўнг аниқланган эҳтиёжлар ва белгилаб олинадиган ҳамкорлик йўналишлари бўйича «Polimoda» томонидан таклифлар, хусусан махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш бўйича лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилиши мумкин», – деди Массимилиано Жорнетти.

Мулоқот якунида Ўзбекистонда чарм-пойабзал ва мўйна маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналари билан ҳамкорликда мутахассислар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишга келишиб олинди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan