Хитойнинг Қашғар шаҳридан Ўзбекистоннинг Андижон шаҳригача 450 километрлик темир йўл қурилади. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 6 июнь куни Хитойнинг Пекин шаҳрида “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши бўйича стратегик лойиҳани амалга ошириш битими имзоланган. Шу юзасидан Ўзбекистон учун муҳим бўлган ушбу битимни имзолаш маросими иштирокчиларига Президент Шавкат Мирзиёев мурожаат йўллади.
“Мазкур темир йўл Хитойни Ўзбекистон билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, дейилади Президент мурожаатида.
Қайд этилишича, лойиҳанинг амалга оширилишидан асосий мақсад иқтисодий самара берадиган янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилиш, ўзаро савдо ҳажмини ошиши, саноат кооперацияси кенгайиши, инвестициявий жозибадорлик ўсиши ҳисобланади. Темирйўл тадбиркорлар учун қулай ва арзон юк ташишни таъминлайди. Дастлабки тахминларга кўра, юк ташиш ҳажми йилига 12-15 миллион тоннани ташкил этади.