ЎЗБЕКИСТОН

Алимент тўлашдан қочиб юрган отага жиноят иши қўзғатилди

Шеробод туманида яшовчи Жўрабек Хуршидовдан 2020 йил 15 апрель кунидаги суд буйруғига асосан вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа барча даромадларининг 4 дан 1 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ, қарздор ота фарзанди учун алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келган.

Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат ижрочилари томонидан қарздор ота бир неча бор расман огоҳлантирилиб, дастлаб тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилиб, ўн беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.

Афсуски, маъмурий қамоқ жазосидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган қарздор отага нисбатан Бюронинг Шеробод туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, унинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилди.

Қарздор ота қўзғатилган жиноят иши бўйича икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлигини тушуниб етгандан сўнг 21 миллион 310 минг сўм алимент қарздорлиги суриштирув жараёнида тўлиқ тўлаб берилди.

Шоҳислом Абдуқодиров,

Бюронинг Шеробод туман бўлими бошлиғи

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan